542-модда. Ҳукм, ажрим ва қарорни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби
Ҳукмни ижро этиш тўғрисидаги масалалар судья томонидан прокурор ҳамда маҳкум иштирокида суд мажлисида ҳал қилинади. Маҳкумнинг ушбу Кодекс 532-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлари таъминланади. Судья вояга етмаган, шунингдек жисмоний нуқсонлари бўлган ёки руҳий ҳолати бузилган маҳкумларга доир ҳукмларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқаётганида ҳимоячи иштирок этиши шарт.
Жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ёки маъмуриятнинг йўлланмаси бўйича ўзи туриши лозим бўлган бошқа жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумни манзил-колониядан бошқа тартибли колонияга ўтказиш тўғрисидаги масала прокурорнинг илтимосномасига биноан кўриб чиқилади. Маҳкумнинг судда ҳозир бўлишини таъминлаш имконияти бўлмаган тақдирда мазкур масала суд томонидан маҳкумнинг иштирокисиз кўриб чиқилади. Бунда маҳкумни қамоққа олиш ва унга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақидаги масала суд томонидан ҳал қилиниши керак.
Жарима жазосига, ахлоқ тузатиш ишларига ёки озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жарима жазосини, ахлоқ тузатиш ишларини ва озодликни чеклашни жазонинг бошқа турлари билан алмаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши учун судга узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, жазони ижро этувчи органнинг тақдимномаси маҳкум йўқлигида кўриб чиқилиши мумкин. Жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан, шунингдек озодликни чеклаш озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган тақдирда суд маҳкумга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва қидирув эълон қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши керак.
Агар масала ҳукмнинг фуқаровий даъво тўғрисидаги қисмини ижро этишга тааллуқли бўлса, суд мажлисига фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ёки уларнинг вакиллари ҳам чақирилади. Мазкур шахсларнинг суд мажлисига келмай қолиши ишни кўришни тўхтатиб қўймайди.
Маҳкумни касаллиги, ногиронлиги сабабли жазони ўташдан озод этиш тўғрисидаги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги, жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисидаги, жазонинг шартлилигини бекор қилиш тўғрисидаги, бир жазони ўташ колониясидан бошқа тартибли колонияга ўтказиш тўғрисидаги, тарбия колониясидан жазони ижро этиш колониясига, жазони ижро этиш колониясидан турмага ва турмадан жазони ижро этиш колониясига ўтказиш тўғрисидаги, махсус тартибли жазони ўташ колониясидан қаттиқ тартибли жазони ўташ колониясига ўтказиш тўғрисидаги, ахлоқ тузатиш ишлари ўталган вақтни маҳкумнинг меҳнат стажига қўшиш, шунингдек маҳкумларга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масалалар маҳкум жазони ўтаб турган жойдаги туман (шаҳар) судининг ажрими билан ҳал этилади.
Иш жазонинг ижросини амалга оширувчи муассаса ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиянинг биргаликдаги тақдимномасига биноан кўриб чиқиладиган ҳолларда судья мазкур комиссияни илтимоснома кўриладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилади.
Бошқа маҳкумларга тарбиявий таъсир кўрсатиш мақсадида муддатидан илгари шартли озод этиш ҳақидаги тақдимнома судья томонидан жазони ижро этиш колониясида ёки тарбия колониясида кўриб чиқилиши мумкин.
Ишни кўриш тақдимнома ёки илтимосномани ўқиб эшиттиришдан бошланади, кейин судья тақдим этилган материалларни текширади ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг фикрларини эшитади. Охирида маҳкум ёки унинг ҳимоячисига сўз берилади. Сўнгра судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz