531-модда. Ҳукмни, ажримни ижро эттириш тартиби
Ҳукм, ажримни ижро эттириш уларни қабул қилган суд зиммасига юклатилади.
Ҳукмни ижро этиш тўғрисидаги фармойиш судья ёки суд раиси томонидан ҳукмни ижро этиш мажбурияти юклатилган органга ҳукмнинг нусхаси билан биргаликда юборилади. Ишни апелляция, кассация тартибида кўриш чоғида ҳукм ўзгартирилган тақдирда, ҳукмнинг кўчирма нусхасига апелляция, кассация инстанцияси суди ажримининг кўчирма нусхаси илова қилинади.
Ҳукмни ижро этувчи органлар унинг ижро этилганлиги ҳақида ҳукмни чиқарган судга дарҳол хабар беради. Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум жазони қаерда ўтаётгани ҳақида ҳукмни чиқарган судга хабар бериши шарт.
Суд қарорини ўз вақтида ёки тўла бажармаслик қонунчиликка биноан жавобгарликка сабаб бўлади.
Қонуний кучга кирган ҳукмнинг нусхаси зарур ҳолларда маҳкумнинг иш, ўқиш ёки яшаш жойига юборилади.
Қонуний кучга кирган ҳукм ҳақида зарур ҳолларда матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка маълум қилинади.
Суд маҳкумни ҳарбий унвонидан ёки махсус унвонидан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарган бўлса, суд ҳукмнинг нусхасини ижро этиш учун ана шу унвонни берган органга юборади. Суд давлат мукофотлари билан тақдирланган ёки олий ҳарбий ёхуд махсус унвонга эга бўлган шахсга нисбатан айблов ҳукмини чиқаришда уни ана шу мукофотлар ёки унвонлардан маҳрум этиш тўғрисида тегишли органга тақдимнома киритишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини ҳал қилади.
Суд қарорининг жарима солишга ва бошқа мулкий ундиришларга тааллуқли қисмини ижро этиш учун ижро варақалари ёки уларнинг дубликатлари суд қарорининг нусхаси билан бирга биринчи инстанция суди томонидан суднинг қарори қонуний кучга кирган ёки иш апелляция инстанцияси судидан қайтарилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай маҳкумнинг яшаш жойидаги ёхуд жазони ўташ жойидаги, шунингдек маҳкумнинг мол-мулки турган жойдаги давлат ижрочиларига электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Қамоқда сақланаётган маҳкумни озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукм қонуний кучга киргани ва ижро эттирилиши ҳақида суд маҳкумнинг оиласини хабардор қилиши шарт.
Қамоқда сақланаётган маҳкум билан учрашувларга ҳукмни ижро эттиришдан аввал ушбу Кодекснинг 477-моддаси асосида рухсат этилади.
Суд томонидан маҳкумнинг вояга етмаган фарзандларини муассасаларнинг, қариндошларининг ёки бошқа шахсларнинг ҳомийлигига бериш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, суд бу ҳақда болалар турган жойдаги васийлик органига, шунингдек маҳкумга хабар беради.
Маҳкумнинг қаровсиз қолган мол-мулки ва турар жойини қўриқлаш чораларини кўриш зарурлиги тўғрисида суд мол-мулк ва турар жой жойлашган ердаги ҳокимликка ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилади, бу ҳақда маҳкумни хабардор этади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz