497-11-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят ва протест бериш
Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 497-2-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин.
Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.
Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин.
Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, агар ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz