467-модда. Айблов ҳукмининг тавсиф қисми
Айблов ҳукмининг тавсиф қисмида суд исбот этилган деб эътироф этган жиноий қилмишнинг тавсифи, содир этилган жойи, вақти, усули, айбнинг шакли, жиноятнинг сабаблари, мақсадлари ва оқибатлари кўрсатилиши лозим. Ҳукмда суднинг ҳар бир судланувчига нисбатан хулосаларига асос бўлган далиллар ва суднинг бошқа далилларни рад этиш сабаблари ёзилади. Жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар, айбнинг бир қисми асоссиз деб топилган тақдирда ёки жиноятнинг тавсифи нотўғрилиги аниқланганда эса айбловни ўзгартириш асослари ва сабаблари кўрсатилади.
Суд, шунингдек Жиноят кодекси моддасининг жазо қисмида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чоралари ҳам назарда тутилган бўлса, озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо нимага асосланиб тайинлаганини; озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинганга колонияда сақлаш тартибининг муайян турини белгилашни ёки озодликдан маҳрум этиш жазосини турмада ўташни тайинлашни; судланувчи ўта хавфли рецидивист деб топилганлигини; шартли ҳукм қўлланилганини; Жиноят кодексининг моддасида худди шундай жиноят учун назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинланганлигини; бошқа енгилроқ жазога ўтилганлигини; умумий қоидалардан чекиниб колония тури тайинланганлигини; бошқа таъсир чораларини қўллаб ёки қўлламасдан судланувчи жазодан озод этилганлигини асослаб бериши шарт.
Суд қонунчиликка мувофиқ судланувчига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш ёки унинг устидан ҳомийлик тайинлаш лозим деб топса, бундай қарорга келиш сабабларини кўрсатиши шарт.
Жамоат бирлашмасининг ёки жамоанинг судланувчини шартли ҳукм қилиб, у билан тарбиявий иш олиб бориш учун ўзларига беришни сўраган илтимосномалари бўлса, суд бу илтимосномаларни қаноатлантириш ёки рад этиш сабабларини ҳукмда кўрсатади.
Суд, шунингдек қўзғатилган фуқаровий даъво тўғрисида ёки жиноят оқибатида келтирилган мулкий зарарни ундириш тўғрисида ўз ташаббуси билан чиқарган қарорнинг асосларини ҳам кўрсатиши лозим.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz