412-модда. Прокурорнинг, ҳимоячининг, жамоат айбловчисининг, жамоат ҳимоячисининг суд мажлисига келмаслиги оқибатлари
Прокурор суд мажлисига келмай қолган тақдирда жиноят ишини муҳокама қилиш кейинга қолдирилади.
Ҳимоячи суд мажлисига келмаса, уни бошқа ҳимоячи билан алмаштиришга фақат судланувчининг розилиги билан йўл қўйилади. Шу суд мажлисида ҳимоячини алмаштириш имконияти бўлмаса, ишни муҳокама қилиш кейинга қолдирилади.
Жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси судга келмай қолса, ишнинг ҳолатларига қараб, суд ишни улар иштирокисиз кўриш мумкинлиги ёки муҳокамани кейинга қолдириш масаласини ҳал этади.
Ишга янги киришган прокурорга ёки ҳимоячига суд муҳокамасида иштирок этишга тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берилиши лозим.
Прокурор ёки ҳимоячининг узрсиз сабабларга кўра судга келмаганлиги тўғрисида суд тегишлича юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига хабар қилади. Жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда суд бу ҳақда тегишли жамоат бирлашмасига ёки жамоага хабар қилади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz