405-12-модда. Жиноят ишини айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш учун асослар
Судья жиноят ишининг суд томонидан кўриб чиқилишига доир тўсқинликларни бартараф этиш учун уни тарафларнинг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда прокурорга юборади, агар:
1) айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси ушбу Кодекснинг талаблари бузилган ҳолда тузилган бўлса ва бу мазкур айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси асосида суд томонидан ҳукм ёки бошқа қарор чиқариш имкониятини истисно этса;
2) тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор билан бирга судга юборилган жиноят иши бўйича айблов далолатномасини ёки айблов хулосасини тузиш зарурати бўлса;
3) жиноят ишларини бирлаштириш учун ушбу Кодекснинг 332-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса;
4) айбланувчи жиноят иши материаллари билан танишиш чоғида унга ушбу Кодекснинг 375 ва 381-13-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқлар тушунтирилмаган бўлса;
5) айблов далолатномасида ёки айблов хулосасида, жиноят ишини тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш учун судга юбориш тўғрисидаги қарорда баён этилган ҳақиқий ҳолатлар айбланувчининг, ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида иш юритилаётган шахснинг хатти-ҳаракатларини оғирроқ жиноят, ижтимоий хавфли қилмиш сифатида малакалаш учун асослар мавжудлигидан далолат берса ёки бундай ҳолатлар мавжудлиги дастлабки эшитув жараёнида аниқланган бўлса.
Ушбу модда биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган асосларга кўра жиноят ишини прокурорга юборишда суд айбланувчининг, ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида иш юритилаётган шахснинг хатти-ҳаракатларини оғирроқ жиноят, ижтимоий хавфли қилмиш сифатида тавсифлаш учун асос бўлган ҳолатларни кўрсатиши шарт. Бунда суд жиноятни ёки ижтимоий хавфли қилмишни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг қайси моддаси билан тавсифлаш лозимлигини кўрсатишга, шунингдек далилларни баҳолаш тўғрисида, айбланувчининг айбдорлиги ҳақида хулоса қилишга ҳақли эмас.
Судья жиноят ишини прокурорга юборишда айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси тўғрисидаги масалани ҳал этади. Зарур бўлган тақдирда судья айбланувчини қамоқда сақлаш муддатини тергов ишларини юритиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни бажариш учун ушбу Кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган муддатларни инобатга олган ҳолда узайтиради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz