379-модда. Айблов хулосаси
Айбланувчи ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар билан таништириб бўлгач, терговчи, башарти ишни судга юбориш учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги фикри ўзгармаган бўлса, айблов хулосаси тузади.
Айблов хулосаси тавсиф-асослантириш ва хулоса қисмларидан иборат бўлади. Тавсиф қисмида дастлабки терговда аниқланган ҳолатлар: жабрланувчи, шунингдек айбланувчи тўғрисидаги маълумотлар; айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари баён қилинади.
Хулоса қисмида айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар келтирилади ҳамда эълон қилинган айбловнинг мазмуни Жиноят кодексининг шу жиноятни назарда тутган моддаси ёки моддаларини ҳам кўрсатган ҳолда баён қилинади.
Айблов хулосасида баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи иш саҳифалари кўрсатилиши керак. Айблов хулосаси қаерда ва қачон тузилганлиги кўрсатилиб, терговчи томонидан имзоланади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz