362-модда. Айбловни ўзгартириш, тугатиш ва тўлдириш
Башарти тергов ўтказиш чоғида дастлабки айбловни қайта кўриб чиқишни тақозо этадиган янги далиллар тўпланган бўлса ёки дастлабки айбловнинг ноаниқлиги ёхуд юридик тавсифи нотўғрилиги маълум бўлиб қолса, дастлабки айблов ўзгартирилиши, қисман тугатилиши ёки тўлдирилиши лозим. Бу ҳақда терговчи қарор чиқаради ва унда айбловнинг янги мазмунини баён қилади.
Ушбу Кодекснинг 83-моддасида ҳамда 84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган айбланувчини реабилитация этиш учун асос бўладиган ёки ишни юритиш учун монелик қиладиган ҳолатлар аниқланса, айблов тугатилади.
Айбловни тугатиш тўғрисида терговчи қарор чиқаради. Бир йўла шу қарор билан терговчи айбланувчига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси, мулкни хатлаш, лавозимдан четлаштириш чораларини бекор қилади ва шахсга айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга қонунсиз жалб қилинганлиги сабабли кўрган зиёнларини ундириб олиш ҳуқуқига эга эканлигини тушунтиради. Қарорнинг нусхаси шу шахсга дарҳол тақдим қилиниши ёки юборилиши лозим.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz