351-модда. Дастлабки тергов муддатлари
Дастлабки тергов жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим.
Жиноят ишлари бирлаштирилаётганда улар бўйича иш юритиш муддати узоқроқ муддат давомида тергов қилинган жиноят иши бўйича белгиланади. Бунда қолган жиноят ишлари бўйича иш юритиш муддати узоқроқ тергов қилинган ишнинг муддати билан қамраб олинади ва қўшимча равишда ҳисобга олинмайди.
Алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов муддати, агар жиноят иши янги жиноят бўйича ёки янги шахсга нисбатан ажратилаётган бўлса, тегишли қарор чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади. Қолган ҳолларда муддат бу жиноят иши қайси жиноят ишидан алоҳида иш юритувга ажратилган бўлса, ўша жиноят иши қўзғатилган пайтдан эътиборан ҳисобланади.
Иш айблов хулосаси билан, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёхуд тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисидаги қарор билан, амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома билан прокурорга топширилган куни ёхуд ишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган куни дастлабки тергов тамомланган ҳисобланади.
Дастлабки тергов муддатига қуйидагилар кирмайди:
1) айбланувчи, ҳимоячи, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари иш материаллари билан танишиб чиққан вақт;
2) дастлабки тергов тўхтатиб турилган вақт;
3) қўшимча тергов ўтказиш учун прокурор томонидан қайтарилган иш терговчига келиб тушгунга қадар ўтган вақт.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган дастлабки тергов муддати тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ёки вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва унга тенглаштирилган прокурор томонидан беш ойгача узайтирилиши мумкин.
Кейинчалик дастлабки тергов муддати фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан етти ойгача узайтирилиши мумкин.
Иш қўшимча тергов ўтказиш учун қайтариб юборилганда, шунингдек тўхтатилган ёки тугатилган иш қайта тикланганда қўшимча тергов муддати мазкур ишни терговчи қабул қилган пайтдан эътиборан бир ой доирасида белгиланади. Бу муддатни янада узайтириш иш прокурорга берилгунга, тўхтатиб турилгунга ёки тугатилгунга қадар ўтган тергов муддати ҳисобга олинган ҳолда умумий асосларда амалга оширилади.
Тергов муддатини узайтириш ҳақидаги илтимосномани терговчи тергов муддати тугашидан камида ўн сутка илгари прокурорга топширади. Прокурор ўз устхати билан илтимосномани қаноатлантиради ёки дастлабки терговни тамомлаб, ишни судга юбориш тўғрисида кўрсатма беради ёхуд жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқаради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz