39-модда. Суриштирув бўлинмаси бошлиғининг ва унинг ўринбосарининг ваколатлари
Суриштирув бўлинмасининг бошлиғи ва унинг ўринбосари ўз ваколатлари доирасида жиноятларни очиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан суриштирувчиларнинг ўз вақтида ҳаракат қилишини назорат этадилар, жиноят ишлари бўйича суриштирувни тўла, ҳар томонлама ва холисона олиб бориш чораларини кўрадилар.
Суриштирув бўлинмаси бошлиғи ва унинг ўринбосари ишларни текшириб кўришга, суриштирувчига суриштирув юритиш, шахсни ишда гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок қилиш учун жалб этиш, жиноятни тавсиф қилиш ва айбловнинг ҳажми, ишнинг йўналишини белгилаш, айрим тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳақида кўрсатмалар беришга, ишни бир суриштирувчидан иккинчи суриштирувчига олиб беришга, ишни тергов қилишни бир неча суриштирувчига топширишга, шунингдек суриштирувчи ваколатларидан фойдаланиб, суриштирув юритишда қатнашишга ва суриштирувни шахсан ўзи олиб боришга ҳақлидир.
Суриштирув бўлинмаси бошлиғининг ва унинг ўринбосарининг иш юзасидан кўрсатмалари суриштирувчига ёзма тарзда берилади ва уларнинг ижро этилиши мажбурийдир.
Олинган кўрсатмалар устидан прокурорга шикоят қилиниши, ушбу Кодекс 381-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, уларнинг ижро этилишини тўхтатиб қўймайди.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz