306-модда. Мулкий зиённи ундириш ҳуқуқи ва унинг миқдори масаласини ҳал қилиш
Ушбу Кодекс 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра чиқарилган оқлов ҳукмида ёки ишни тугатиш ҳақидаги ажримда суд, ишни тугатиш тўғрисидаги қарорда эса суриштирувчи, терговчи, прокурор реабилитация этилган шахснинг ўзига етказилган мулкий зиённи ундириб олиш ҳуқуқини эътироф этишлари лозим. Ҳукм, ажрим ёки қарорнинг нусхаси реабилитация этилган шахсга топширилади ёки почта орқали юборилади. Айни вақтда унга ҳукм, ажрим ёки қарор устидан шикоят қилиш тартиби, шунингдек мулкий зиённи қоплаш ва бошқа ҳуқуқларини тиклаб олиш тартиби тушунтирилади.
Реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи реабилитация этилган шахсдан ариза тушган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан зиён миқдорини аниқлайди, зарурат туғилганда бунинг учун молия органларидан ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларидан ҳисоб-китоб талаб қилиб олади. Иш апелляция ёки кассация тартибида кўриш чоғида суд томонидан тугатилган бўлса, зиён миқдорини ҳукм чиқарган суд аниқлайди.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz