266-модда. Ишни судга қадар юритиш босқичида шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш учун асослар мавжуд бўлганда прокурор, терговчи ва суриштирувчи шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради.
Шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда: тиббий муассасага жойлаштириладиган шахс ҳақидаги маълумотлар ва унинг процессуал ҳолати; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш асослари; шахс жойлаштириладиган тиббий муассасанинг номи; эҳтиёт чораси тўғрисида таклиф этилаётган қарор кўрсатилади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.
Суриштирувчининг ёки терговчининг шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.
Прокурор шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.
Каналга уланиш 👉@jpk_uz