257-модда. Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.
Суд мажлисида прокурор, айбланувчи, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади. Зарур бўлганда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.
Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.
Айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш заруратини асослаб беради. Сўнгра айбланувчи, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz