254-1-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш мақсади ва асослари
Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг бундан кейинги жиноий фаолиятининг олдини олиш, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Айбланувчи ёки судланувчи паспортдан (ҳаракатланиш ҳужжатидан) фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши ёки хорижда ҳаракатланиши мумкин, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, мазкур паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин.
Айбланувчи паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчи паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги масала эса, ушбу Кодекснинг 423-моддасида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчи шахсга нисбатан қўлланилади.
Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тугатишга ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини бекор қилишга сабаб бўлмайди.
Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш деганда паспортнинг, биометрик паспортнинг, хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилишини вақтинчалик тўхтатиб туриш тушунилади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz