243-модда. Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тартиби
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси фақат ушлаб турилган гумон қилинувчига ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Қонунда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда ва суриштирув ёки дастлабки тергов давомида қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланганда прокурор, шунингдек прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи ёки терговчи қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради.
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоққа олиш ёки уни уй қамоғига жойлаштириш заруратини келтириб чиқарган асослар баён қилинади.
Прокурор қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарор ва зарур материалларни судга юборади. Агар илтимоснома ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қўзғатилаётган бўлса, қарор ва кўрсатилган материаллар ушлаб туриш муддати тугашидан камида саккиз соат олдин судга тақдим қилиниши керак.
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёки суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаганида эса ёхуд қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома ёпиқ суд мажлисида, материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан саккиз соат ичида, лекин ушлаб туришнинг энг кўп муддатидан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, ҳимоячи, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи иштирокида кўриб чиқилади. Ушлаб турилган гумон қилинувчи, айбланувчи суд мажлисига олиб келинади. Суд мажлисида гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг қонуний вакили, шунингдек суриштирувчи, терговчи иштирок этишга ҳақли. Зарур бўлган ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.
Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди, ҳимоячи бундан мустасно. Қидирув эълон қилинган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилади.
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурор маърузаси билан бошланади, у мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш зарурлигини асослаб беради. Шундан сўнг гумон қилинувчи ёки айбланувчи, ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
Судья гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:
1) қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида;
2) қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш тўғрисида;
2-1) қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш ва уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида;
22) уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад қилиш ва гаров тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида;