242-1-модда. Уй қамоғи
Уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.
Уй қамоғи гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидан иборат бўлади.
Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тиббий муассаса уй қамоғида сақлаш жойи этиб белгиланиши мумкин.
Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисидаги суднинг ажримида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи дучор қилинадиган озодлик бўйича аниқ тақиқлар (чекловлар), шунингдек ўрнатилган тақиқларга (чекловларга) риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш зиммасига юклатилаётган орган кўрсатилади.
Ўзига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга қуйидаги тақиқлар (чекловлар) ўрнатилиши мумкин:
1) муайян шахслар билан алоқада бўлиш;
2) хат-хабар олиш ва жўнатиш;
3) ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш;
4) уй-жойни тарк этиш.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ҳимоячи, қонуний вакил, белгиланган тақиқларга (чекловларга) риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш вазифаси зиммасига юклатилган орган, суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд билан сўзлашиш учун, шунингдек зарурият юзага келган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни, тез тиббий ёрдамни, ёнғин хавфсизлиги хизматини, қутқарув хизматини ва бошқа шошилинч хизматларни чақириш учун телефон алоқасидан фойдаланиш ҳуқуқидан чекланиши мумкин эмас. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз яшаш жойидаги уй қамоғини ижро этиш зиммасига юклатилган ички ишлар органига ҳар бир шундай қўнғироқ ҳақида хабар беради.
Қамоққа олинганнинг яшаш жойи қўриқланиши мумкин. Зарур ҳолларда унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатилади.
Гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг уй-жойидан чиқиши бўйича ўрнатилган тақиқларга (чекловларга) риоя этиши устидан назорат амалга оширилаётганда ички ишлар органи унинг яшаш жойида бўлишини сутканинг исталган вақтида текширишга ҳақли.
Текшириш кундузги вақтда кўпи билан бир марта ва тунги вақтда кўпи билан бир марта ўтказилади.
Зарур ҳолларда, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсга нисбатан электрон кузатиш воситалари қўлланилиши мумкин.
Уй қамоғини ижро этиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яшаш жойидаги ички ишлар органи зиммасига юклатилади.
Агар тиббий кўрсатувларга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи соғлиқни сақлаш муассасасига олиб келинган ва ётқизилган бўлса, суд ўрнатган тақиқларнинг (чекловларнинг) амал қилиши гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш масаласи прокурор томонидан, шунингдек прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи ёки терговчи суд томонидан ҳал этилгунига қадар давом этади. Тегишли соғлиқни сақлаш муассасасининг ҳудуди уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ижро этиш жойи ҳисобланади.