234-модда. Ушлаб турилганни озод қилиш асослари ва тартиби
Жиноят содир этишда гумон қилиниб ушлаб турилган шахс, агар:
1) жиноят содир этганлиги ҳақидаги гумон тасдиқланмаса;
2) ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш зарурати бўлмаса ёки уни қўллаш суд томонидан рад этилса;
3) ушлаб туришнинг белгиланган муддати тугаган бўлса ва ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган ёхуд ушбу Кодекс 243-моддаси ўнинчи қисмининг 3-бандига мувофиқ ушлаб туриш муддати узайтирилмаган бўлса, озод қилинади.
Ушлаб турилган шахсни озод қилиш суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорига ёхуд суднинг ажримига биноан ушлаб турилганлар сақланадиган жойнинг бошлиғи томонидан амалга оширилади. Озод қилиш тўғрисидаги қарор ёки ажрим ушлаб турилганлар сақланадиган жойга келиб тушиши билан дарҳол ижро этилади.
Ушлаб турилган шахсни бундан буён ушлаб туриш учун асослар йўқлиги аниқланиши биланоқ суриштирувчи ва терговчи уни дарҳол озод қилишлари шарт.
Прокурорнинг, терговчининг ёки суриштирувчининг ушлаб турилган шахсни озод қилиш ҳақидаги қарори ёхуд суднинг уни ушлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажрими қонунда белгиланган ушлаб туриш муддати ичида ушлаб турилганлар сақланадиган жойга келиб тушмаса, ушлаб турилганлар сақланадиган жойнинг бошлиғи бу шахсни озод қилади ва унинг озод қилинганлиги тўғрисида прокурорга, терговчига ёки суриштирувчига билдириш хати юборади.
Зарур ҳолларда ушлаб турилганлар сақланадиган жойнинг маъмурияти озод қилинган шахсларнинг яшаш жойига текин жўнаб кетишини таъминлайди; уларнинг илтимосига кўра, ушлаб турилганлар сақланадиган жойда бўлган вақти ҳақида маълумотнома беради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz