226-модда. Ушлаб туриш муддати
Ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан (эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайти) эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.
Ушлаб туриш муддати тугагунга қадар ва асослар мавжуд бўлганда шахс айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши, унга айб эълон қилиниши, ушбу Кодекснинг 109 — 112-моддаларидаги қоидалар бўйича сўроқ қилиниши ва ушбу Кодекснинг 236 — 240-моддалари қоидаларига амал қилган ҳолда эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилиниши зарур.
Алоҳида ҳолларда, ушлаб турилган гумон қилинувчига нисбатан суд томонидан қамоққа олиш, уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилиши мумкин. Бунда гумон қилинувчига у ушланган кундан эътиборан ўн кун ичида айблов эълон қилиниши керак. Акс ҳолда эҳтиёт чораси бекор қилинади ва шахс қамоқдан ёки уй қамоғидан озод этилади, гаров эса гаровга қўювчига қайтарилади. Жиноят иши қўзғатилганидан кейин ва ушлаб туришнинг бутун муддати мобайнида ишни юритиш ўзига тааллуқли бўлган суриштирувчи ва терговчи жиноятни содир этиш ҳолатларини аниқлаш, ушлаб туришнинг асосли эканлигини текшириш учун ўз ваколатлари доирасида тергов ҳаракатлари ўтказиши мумкин.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz