225-модда. Ушлаб туриш баённомасини тузиш ва ушлаб туришнинг асослилигини текшириш
Ушлаб турилган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг навбатчиси ёки бошқа ходими ушлаб туриш баённомасини бошлиқнинг кўрсатмасига биноан дарҳол тузиши, унда қуйидагиларни кўрсатиши керак:
1) баённома тузилган жой ва вақтни;
2) ушбу шахснинг кимлиги, ким томонидан, қачон, қандай ҳолатларда, қонунда кўрсатилган қандай асосларга кўра ушланганлигини;
3) ушланган шахс қандай жиноятни содир этганликда гумон қилинаётганлигини;
4) ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга қайси вақтда олиб келинганлигини;
5) шахсий тинтув қилиш ва олиб қўйиш натижаларини (улар ўтказилган бўлса);
6) ушлашнинг видеоёзув орқали қайд этилганлиги (у ўтказилган бўлса), ушланган шахснинг видеоёзув материаллари билан танишганлиги, шунингдек шахсни ушлаш вақтида фойдаланилган воситаларнинг техник хусусиятларини. Баённомани ушлаб туришнинг асослилигини текшириш вазифаси топширилган ички ишлар органи ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган ходими, ушлаб келтирган ваколатли шахс ёки фуқаро, ушланган шахс ва холислар имзо чекиб, тасдиқлайди.
Ички ишлар органи ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органнинг ходими амалга оширилган ушлаб туриш ҳақида ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан эътиборан ўн икки соат ичида прокурорга ёзма шаклда хабар бериши шарт.
Ушлаб туришнинг асосли эканлигини текшириш, ҳужжатларни талаб қилиш ва кўздан кечириш ушланган шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай ўтказилиши лозим.
Ушлаб туришга асос бўлмаган тақдирда, ички ишлар органи бўлинмасининг бошлиғи ёки бошқа ваколатли шахс ушланганни озод қилиш тўғрисида қарор чиқаради. Қарорнинг нусхаси дарҳол прокурорга юборилади.
Шахс амалда ушланган ёки уни жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилгунига қадар унинг ҳимоячи билан холи учрашиши таъминланади. Бу ҳақда баённома тузилади.
Ушлаб туриш, жиноят иши қўзғатиш, ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорлар дарҳол гумон қилинувчига эълон қилинади, айни вақтда унга ушбу Кодекснинг 48-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлари тушунтирилади ва танланган ёки тайинланган ҳимоячига танишиб чиқиш учун тақдим этилади. Қарор билан таништирилгани ва ҳуқуқлари тушунтирилгани қарорда қайд этилиб, ваколатли шахс ва ушланган шахс томонидан имзоланиб, тасдиқланади. Бунда ушланган шахс ушлаб келтирилган пайтдан бошлаб йигирма тўрт соатдан кечиктирилмай сўроқ қилиниши лозим. .
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz