208-модда. Ашёвий далилларни сақлаш ва бошқа жойга юбориш
Ашёвий далилларни сақлаш, шунингдек уларни экспертиза ўтказиш учун юборишда ёки жиноят иши бошқа суриштирув, дастлабки тергов органига, прокурорга ёхуд судга ўтказилиши муносабати билан юбориш чоғида ашёвий далилларнинг йўқотилиши, шикастланиши, бузилиши, бир-бирига қўшилиб ёки аралашиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.
Ишни ўтказишда у билан бирга йўлланадиган ашёвий далиллар илова хатда ёки унга илова қилинадиган рўйхатда бирма-бир санаб ўтилади. Бундан ташқари, айблов хулосасига ёки айблов далолатномасига илова қилинган маълумотномада ишга доир барча ашёвий далиллар, ҳар бирининг қаерда эканлиги кўрсатилиб, бирма-бир санаб ўтилиши лозим.
Ашёвий далиллар почта ёки чопар орқали етказиб берилганда суриштирувчи, терговчи ёки судья холислар иштирокида, зарур бўлганда эса, шунингдек эксперт ёхуд мутахассислар иштирокида олинган далилларни кўздан кечиради ва уларни илова хати ёки рўйхати билан солиштиради. Кўздан кечириш жараёни ва натижаси ҳақида баённома тузилади.
Ашёвий далиллар, улар ҳақидаги масала суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан ёхуд суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг ишни тугатиш тўғрисидаги қарори билан ҳал қилинмагунга қадар сақлаб турилади. Ушбу Кодекснинг 210-моддасида назарда тутилган ҳолларда ашёвий далилларга оид қарор иш юритиш тамом бўлгунга қадар қабул қилиниши мумкин.
Ашёвий далил сифатида ишга қўшиб қўйилган нарсага эгалик қилиш ҳуқуқи борасидаги низо фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилиниши лозим бўлганда, бу нарса фуқаровий иш бўйича суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар сақланиши лозим.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz