148-1-модда. Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш
Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Суд мажлисида прокурор, терговчи, суриштирувчи, қонуний вакил ёки мурдаси эксгумация қилиниши лозим бўлган вафот этган шахснинг яқин қариндошларидан бири, зарур ҳолларда гумон қилинувчи, айбланувчи, шунингдек, агар ишда иштирок этаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади.
Суд мажлисининг ўтказилиш жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг суд мажлисига келмаганлиги мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш учун монелик қилмайди.
Мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради, сўнгра тақдим қилинган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz