136-модда. Кўздан кечириш тартибининг умумий қоидалари
Терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида кўздан кечириш холислар иштирокида ўтказилади. Жиноят иши кўрилаётган вақтда кўздан кечиришга зарурат туғилса, суд бу ҳақда ажрим чиқаради ва кўздан кечиришни тарафлар иштирокида ўтказади.
Зарур ҳолларда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки суд кўздан кечириш чоғида ўлчов ўтказади, фотосуратга, кинотасвирга, видеоёзувга туширади, режалар, схемалар, чизмалар тузади, излардан қолиплар ва нусхалар олади. Бу ишларни бажаришга ёрдам бериш учун кўздан кечиришга мутахассислар жалб қилиниши мумкин.
Кўздан кечириш чоғида топилган ва олиб қўйилган барча нарсалар холисларга, тарафларга ва кўздан кечиришнинг бошқа иштирокчиларига кўрсатилиши лозим.
Кўздан кечиришда иштирок этаётган шахслар суриштирувчи, терговчи ва суднинг эътиборини ўзларининг фикрича иш ҳолатларини ойдинлаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган барча ҳолларга қаратишга ҳақлидирлар.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz