121-3-модда. Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш шартлари
Суд кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай кўриб чиқади ва илтимосномани қаноатлантириш ҳамда суд мажлисини тайинлаш ёки илтимосномани қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқаради ва бу ҳақда тарафларга хабар беради.
Илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, судья кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаш бўйича суд мажлисини уч суткадан кечиктирмай ўтказади.
Агар судья кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлашни илтимосномани ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасида асоссиз деб топса, илтимосномани қаноатлантиришни рад этади.
Суднинг кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан ушбу ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин. Апелляция шикояти, протести ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси суди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:
судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;
судьянинг ажримини бекор қилишга ва кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйишга ҳақли.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан шикоят, протест берилиши мумкин эмас.
Илтимосномани қаноатлантириш рад этилганидан кейин судга такроран мурожаат қилишга фақат кўрсатувларни мустаҳкамлаш тўғрисида илтимоснома бериш учун янги асослар мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Каналга уланиш
👉 @jpk_uz