ЙИГИТ БИР КУНДА БИР...
Кунда бир “уҳ” тортиш – эр қавмига тан!
Буюк ҳовур кўкка ўрлаши керак.
Ҳар кун ўзни қийнаб, ҳар кун ҳаётчан:
Йигит бир кунда бир терлаши керак!
Оқ ишми, қаро иш? – Қизиқмас мутлақ!
Пок ишми, ҳаром иш? – Муҳими шунда!
Бор қалбу шуурин бир ерда бутлаб,
Бир бор терлаши шарт, йигит бир кунда!
У азиз бошини саждага қўйиб,
Букилмас қаддини “Аллоҳ” деб букса...
Қандай бахт, ўзини осийга йўйиб,
Пешона терини “Тавба” деб тўкса!
Хуфтондан кейин ҳам бир ёруғлик бор,
Шунда ҳам хонумон шўрлаши керак!
Олтинчи маҳал у – чархи кажрафтор,
Йигит бир кунда бир терлаши керак!
Ҳеч қачон совимас оловнинг бели,
Бу умр, бу яшаш чексиз фараҳдир:
У сергак туради – уйғонар эли,
О, ўша
паллада
йигит
ярақлар!
Алибек Анварий
январ, 2025 й.