Бугун ўзбек адабиётининг йирик вакили, халқнинг шоири устоз Хуршид ДАВРОН туғилган кун. Миллат бу кунни байрам қилса арзийди!
ШОИРНИНГ ОНАСИ
Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.
Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.
Аммо, тунлар, хона бурчида
Суйган ўғли пичир-пичирлаб
Шеър ёзган пайт тутун ичида
Ўтирарди юрак ҳовучлаб,
Ўтирарди хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Хуррак тортиб қўймайин дея
Бош қўярди тонгда болишга.
Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди.
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.
Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: «Кетайми, болам?»
©️Хуршид ДАВРОН
@islomjon_ijodi