Бугун жўмард шоир Исломжон Қўчқоровнинг туғилган куни!
Дўстим, Тошкент ҳайратимизни сўндирди, мақсадимизга ишончимиз сўнмаса бўлди.
Тошкент атрофдагиларга бўлган меҳр-муҳаббатни сўндирди, Унинг марҳаматига бўлган истагимиз сўнмаса бўлди. Орзу ҳам, мақсад ҳам ва бошқа илинжлар одамни тарк этади... фақат ҳали бу охири эмас деган УМИД сўнмаса бўлди.
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ
ТОШКЕНТ
Тошкент...
Ҳайратимни сўндирган шаҳар,
Ҳамма нарса менга оддий ҳодиса.
Гўзал қиз, тишларинг эмасдир гавҳар
Ўпичинг туҳфамас, шунчаки бўса.
Тошкент...
Ҳайратимни сўндирган шаҳар,
Сеҳр булоғимни тиндириб олдинг.
Тош ҳақида қўшиқ айтиб ҳар сафар,
Мени ўз куйингга кўндириб олдинг.
“Яшаш – бу яшаш-да”, деган ақида
Исбот топаверар ҳар бир қадамда.
Мудом ўйлайверса шулар ҳақида
Шиддат сўнаверар экан одамда.
Мен мангу қўшиқлар куйламоқчийдим,
Шиддат йўқ эди-ю, бор эди журъат.
Якуни бор эртак сўйламоқчийдим,
Ўзимдан ортолмай топмадим фурсат.
Тошкент...
Ҳайратимни сўндирган шаҳар
Мен қулоқ осмадим ўша пандларга.
Кўчу кўронимни орқалаб саҳар,
Қайтиб кетолмайман Самарқандларга.
Меҳрингни топмадим маконлар кезиб,
Меҳрибоним менинг меҳр булоғим.
Кўзингни соғиндим кўзлардан безиб,
Кўзлари тўрт бўлган кўзи қароғим.
Ичимда-ку ҳали ёнаяпти чўғ,
Она, сени ўйлаб дилни ғашладим.
Бағрим ҳали тошга айлангани йўқ,
Мен бағритошларни таний бошладим!
Тошкент...
Ҳайратимни сўндирган шаҳар...
@islomjon_ijodi