Эрта тонгдан бери анчагина йўл юриб қўйган лашкарга ҳароратнинг ошиши туфайли истироҳат берилди. Отлар, туялар қўйиб юборилди. Улови йўқ—яёвлар тўхтаган жойларига чўкиб қўя қолдилар. Атрофда биронта ҳам тиккайган дарахт ёхуд яшиллик кўринмас эди. Узаниб ётган қум саҳроси ора-сира учрайдиган кичик тепачалари билан гоҳ баландлашиб, гоҳ иастлашиб давом этарди. Феврал ойи охирлаб бораётган эди. Бироқ Арабистон ярим оролида бу ойлар ҳам ёздагидек иссиқ бўлиши ҳақиқатдир. Мешлардаги сув қон каби илиқ. Бундай ҳавода ҳеч ким илиқ сув ичишни истамайди. Аммо, начора, ичмасликдан бошқа чора ҳам йўқ эди. Аскарларнинг баъзилари чўктирилган туяларга суяниб, баъзилари белбоғларини қумга ёйиб, устида ухлаб қолишган. Истироҳат берилгандан кейин уйғоқ бирор кимса қолмаган ҳисоб. —Тур ўрнингдан, оғайни. —Тинчликми? —Турганингдан кейин биласан. Аскар истамай ўрнидан турди. Ўзига қолсаку, яна соатларча ширин уйқусини давом эттирган бўларди. Узун-узун эснади. —Бу йўл қачон тугайди, оғайни? —Қаердан билай? Абу Риғолдан сўра. —Сабрим тугади... —Менинг ҳам жонимга тегди. Шу пайт юришга буйруқ берилди. Лашкар ортидан чанг-тўзон қолдириб, Макка томон силжий бошлади. Лашкар орасида тарқатилган гапларга кўра, яна икки кундан кейин Маккага етиб борилиши керак. Абу Риғол бу оқшом Муғаммисга борилажагини, у ердан эса, Маккага икки қадамлик йўл қолишини сўзларди. Қоронғу тушгунча давом этган бугунги юриш «Тўхта!» амри билан ниҳоя топди. Юклар туширилди. Чодирлар тикилди. Абраҳа хизматчисини юбориб, Абу Риғолни чақиртирди. Абу Риғол Абраҳанинг ҳузурига кириб, ерни ўпди. —Бу жойнинг номи нима? —Султоним, бу жойни Муғаммис дейишади. —Маккага ҳали узоқми? — Етиб келдик деб ҳисоблайверинг. Бақирсангиз, овозингиз етади. — Бир кунда етиб бора оламизми? — Бир кунга бормас, етиб келдик ҳисоби, султоним. Абраҳанннг юзида мамнунлик аломатлари пайдо бўлди. Хизматчисига: — Бу ерда бир неча кун қоламиз. Тахтим қурилсин!— деди. Абу Риғолга кетишга изн бердида, дам олиш учун тўшагига чўзилди. Ниҳоят, улуғ орзуси амалга ошадиган пайт етиб келган эди. Ҳафталаб юрилган йўллар ахийри поёнига етган, чскилган машаққатларнинг мукофотини олиш соатлари яқинлашган эди. Ётоғида шундай тотли хаёллар оғушида ором оларкан, шод-хуррамлик билан уйқуга ҳозирланди. Абу Риғол Тоиф шаҳридан эди. Маккадаги муборак Байтни — Каъбани бузиш учун келган Абраҳа лашкари Тоифга хужум қилмоқчи бўлиб турганида, бу шаҳарнинг оқсоқолларидан Масъуд ибн Муаттиб бошчилигида бир ҳайъат унинг қаршисига чиқди: — Эй Малик, сен вайрон қилмоқчи бўлган Байт Тоифда эмас, Маккада. Бизнинг сенга қарши урушадиган кучимиз йўқ. Агар Тоифга ҳужум қилмасанг, сени Маккага энг қисқа йўл билан олиб борадиган етакчи берамиз, — деди тоифликлар. Абраҳага бу таклиф хуш ёкди. Унинг мақсади ҳам урушиш эмасди. Балки Санъо шаҳрида ўзи қурган калисога рақиб бўлган ва араблар томонидан эъзозлаб келинган Каъбани бузиш ҳамда Макка халқининг муҳаббатини калисога қаратиш эди. Шу сабабли тоифликларнинг таклифини қабул қилди. Тоифликлар йўл кўрсатувчиликка Абу Риғолни бердилар. Абу Риғол Тоиф — Макка йўлини беш бармоғидек яхши биларди. Кўп карвонларга йўл кўрсатувчилик қилган эди. Бу сафар эса, Каъбани бузиш учун кетаётган лашкарга йўл кўрсатишига тўғри келди... Ажабо, бу хизмати эвазига нима берар эканлар? Хизмат ҳақи масаласида ҳали келишилмаган эди. Ҳақини Абраҳа берармикан ёки тоифликларми?.. Тугашига бир кун қолган бу сафардан яхшигина даромад олишни умид қиларди у. Балки бир энг зотдор туянинг соҳиби бўлар. Олтмиш минг кишилик лашкарга йўл кўрсатувчилик қилиш чакана хизмат эмасдир ахир!.. Аммо... бу не ҳол? Абу Риғолни тўсатдан чидаб бўлмас бир тутқаноқ тутди. Икки дақиқа мобайнида ичичидан келган кучли оғриқ уни типирчилатиб қўйди ва, ниҳоят, ўтиб кетди. Бу оғриқ яна бир бор рўй бсрса, Абу Риғол бардош бсролмасди. Турди, ўнгу сўлга юрди. Лашкар сафида келган Маҳмуд исмли ўргатилган баҳайбат филнинг ёнига борди. Улуғ ҳайвон ҳисобланган бон1қа филлар бу ҳайбатли филнинг олдида болачасидек кичик кўринар эди. Абраҳа Каъбани мана шу баҳайбат филга буздирмоқчи эди. Абу Риғол бир неча дақиқа бу филни томоша қилди.