View in Telegram
#Kapalak_umri Капалак умри (6-қисм) Бомдоддан сўнг ҳамма юмушини битирган Мумтоз баланд овозда Қуръон тиловат қилар экан ичкари уйдан қайнонаси чиқиб келди. Эътибор бермай кўзини миттигина китобидан узмай тиловат қилаверди. Икки қўли билан қулоқларини маҳкам беркитиб олган Эътибор бақиришга ўтди. —Ҳой, манга қаранг. Ўчиринг овозингизни. Сизнинг дастингиздан уйқу ҳам ҳаром бўлди. Келини овозини пастлатди, бу қайнонасини қаноатлантирмади. Бошида тураверди. Охири китобчани ёпиб, уни жавоннинг энг баланд токчасига жойлади, сўнг ўрнидан туриб, салом берди. Аёл алик олишни эп билмай, ювуқсиз юзини ўгириб кетди. Мумтоз хафа бўлмайди. Нимадан ҳам хафа бўлсин, қалблар Аллоҳнинг қўлида бўлса! Ўзи ҳидоятга бошласин. Дуодан бошқа қўлидан нима ҳам ееларди? Сўнг ўзи севган ҳадисни пичирлаб айтади "Киши исломининг гўзал бўлиши – ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир” Ҳа, Эътибор бекорчи эди. Шунинг учун ҳам ўзига келиннинг қадамини тафтиш қилиш вазифасини юклаб олганди. Кейинги пайтларда янги қилиқ чиқарганди. Ўзини ёлғондан касалга солади. Айниқса, ўғли келса. Элдор онасининг оёқ-қўлини уқалаб ўтирар экан хотини ҳақидаги таъна дашномни ҳам тинглаб ўтиришга мажбур бўлади —Пешонанг қурсин, мана шу ношудга уйландинг. Эпсиз, сўхтаси совуқ, бир оғиз ширин гапи йўқ. Буни онасига ҳам кераги йўқ. Қизим ўликми, тирикми ҳам демайди. " Аллоҳга топширдим!" эмиш. Гапи ҳам сохта, ўзи ҳам сохта... Элдор жондан азиз аёли-маҳрами ҳақидаги бўхтонларга чидашга мажбур. Аммо кейинги пайтда унинг ҳам сабр косаси тўлиб бормоқда эди. Кейинги пайтларда акасига ҳавас қила бошлаган, унинг ҳам шу уйдан бош олиб кетгиси келарди. Кун бўйи бирор иш қилмаганидан кейин чарчамаган Эътибор кечаси ўғлининг ётоғидан эшитилаётган овозга қулоқ сола бошлади — Бу юмшоқ ҳ у қориндан чиқади. Бу — келинининг овози эди Ўғли талаффуз қила олмай қийналар, келини эринмай тушунтирарди. "Бу ўғлимга дарс ўтяпдими?" Хамма жанжал эрталаб бошланди. — Менга қаранг, сиз ўғлимни бошини қотирманг! Битта уйга битта отинойи етади. Ўрнингизни билинг, тушундингизми. Мумтоз бошини эгиб турар, на хўп, на йўқ дея оларди. Охирги пайтларда Эътибор янги "хунар" ўйлаб топди. Ўтирган жойига келини тоғора тўла илиқдан иссиқроқ сув келтирар, "малика" оёғини сувга солиб ўтирар, келинига оёқ тирноқларғ ўсган бўлса олдирар, кейин момиқ сочиққа оёғини артишни буюрарди. Мумтоз унинг бу талабларини жон деб бажарар, овқат тўла косасини тўқиллатиб олдига қўйиб" Буни ўзингиз ичинг! "—деса ҳам чидар, иш қилса, ортидан камчилик излаб топса, бартараф қилишга интиларди. Ибодатларига, тиловатларига рухсат тегса бўлгани. Эътибор эса айнан унинг эътиқодидан жазавага тушарди. Ёрқин ҳам, катта ўғли ҳам қочиб қутулди. Қийин-қийин кичик ўғил билан келинга бўлди. Мумтоз Дилбарга нисбатан чайир экан. Брусчатка дейсизми, кафел дейсизми, дераза ойнаси дейсизми, бари ярақлаб турар, иш қилиб чарчамас эди. — Ҳабиба синглим чақириқ қиляпди. Бирдан олтита келинни чаллар экан, шанба куни. Рўдаполаризни киймайсиз. Мумтоз биринчи марта журъат қилиб гапирди —Нима кияй, ойижон! —Хамманинг келини ял-ял ёниб борса, мани келиним азага боргандек борадими? —Хавотир олманг, юзингизни ерга қаратмайман, ойижон. Ўша куни у ним пушти баҳорий кўйлагини кийди, мослаб рўмол ўради. Мумтоз чиндан ҳам қайнонасини уялтирмади, аксинча ҳамманинг унга ҳаваси келди. Чаққон, фаросатли, ниҳоятда гўзал эди у. Йўқ, барибир норози эди Эътибор! Шу кунларда шодумон юрган ўғли эрталаб онасидан Мумтозни шифокорга олиб боришга рухсат сўради. —Ойижон, иншааллоҳ, хушхабар билан қайтамиз. Ҳа, шундай ҳам бўлди. Эътибор яна битта неваралик бўлишини эшитиб, чиройли очилгандек бўлди, аммо келинига муносабати заррача ўзгармади. —Ойижон, — деди бир кун Мумтоз, ўғлингиз Умра сафарига чипта олса, муборак шаҳарларни кўриб келасизми, адажон билан, —секин сўради у —Маккага гуноҳ қилганлар боради, мани гуноҳим йўқ, худога шукур. Рўмол ўрамасам ҳам қалбим тоза! Шайтон нақадар уста. У инсонларни осонгина алдаб қўяди... (давоми бор) Феруза Салходжаева @ijod_sehri21 https://t.center/ijod_sehri21
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily