View in Telegram
#Kapalak_umri Капалак умри (1-қисм) Тўй дабдаба билан ўтди. Ҳамманинг ҳаваси келди. Айниқса, ўғли барча ўртоқлари билан келиб навбатма навбат гулдасталар тақдим қилгани бошқача бўлди. Қудаси чарлар куни таққан узук-зирак, кўрсатган иззат-икром, қариндош-уруғларига қилган сарполарини айтмайсизми? Саломнинг ўзига бир юк машина тўла кўрпа келди. Ана обрў, ана эътибор. Ҳа, айтганча, қирқ икки ёшида қайноналик мартабасига ўтирган қаҳрамонимизнинг йўғе, қуда холамизнинг исми ҳам Эътибор. Тўй ўтганига бир хафта ўтиб Эътиборхонга айланди. Қудаси, қудасининг опа-сингиллари, бувижонлари уни энди уни шундай улуғламоққа бошладилар. Келинчак нозиккина, чиройликкина. Юзи очиққина, киришимли экан. Бир пасда оила аъзоларига аралашиб кетди. Эътибор қайнона бўлди, ҳамма ишни шундоқ келинига топширди—қўйди. Ахир ўғлини осон катта қилдими? Ўзи бор-йўғи иккита ўғли бор. Худо бераман деса, ўнта ўғилда кўрадиган иззатини биттада ҳам кўриш мумкин экан—да! Тўй қилиш маза экан. Бекорга кексалар "Топганинг тўйга буюрсин!" деб дуо қилмас эканда. Ҳар куни чақириқ. Бир куни у бувижониси чақирса, бир кун бу бувижониси чақиради. Бир кун холаси чақирса, бир кун аммаси чорлаб чақиради. Қуда хола ёш бўлсаям тўрда ўтириши керак. Қоидаси шунақа. Қудаларнинг ўрни ҳамиша тўрда. Эътиборга бунақа чорловлар ёқиб қолди. Фақат тоғора билан бориши чатоқ. Бир тоғора норин қазиси билан беш юз минг сўм, қирқта кабоб ҳам шу. Оддийроқ тоғора уят бўлади. Ахир қуда деган номи бор. Ўзи шу кунгача бир сўм пул топмаган.Турмуш ўртоғи ўнта гапни гапириб кейин пул беряпди. —Онаси, ўзи тўйдан қарз билан чиқдим. Бўлди қил, шу юришингни. Тўй ўтганига уч ой бўлди, бирор кун уйда ўтирмайсан! Эътибор қовоғини солиб олади. Эпласа,бола-чақа қилсин. Чидаса, тўй қилсин эди. Йўқ секин-секин юришлари камайди, олти ой бўлганда келини эскирди. Эътиборхон иззат-икромли кунлар тугагач, зерикиб қолди. Ахир қиладиган иши йўқ. Турмуш ўртоғи иккита боласи билан савдода. Ўзи келини билан кечгача уйда. Эркаклар тонг саҳардан бозорга отланадилар. Дилбархон келини чой-пой қилиб кузатиб юборади. У бу пайтда ноз уйқуда ётган бўлади. Кейин келини брусчатка ювади. Хозир баҳор, кунлар илиб қолди. Тўйдан олдин семон ҳовли эди, икки кунда бир супурилса супуриларди, бўлмаса йўқ. Келин тушишидан олдин уйлар таъмирдан чиқди. Келин тайёр брусчаткани ювмай бошқа нима иш қилади? Кейин ойижонисига— Эътиборхонга нонушта ҳозирлайди. Ярим кечагача сериал кўриб, телефон титиб чарчаган қайнона соат ўнга яқинлашганда эрталабки чойини ичади, кейин телевизорнинг овозини баланд қўйиб олди-қочди кўрсатувлар, бир-биридан савиясиз сериалларни кўришни бошлайди. Келини тушлик тайёрлайди. Эринибгина столга келади. Овқатдан татиб кўраркан, албатта, битта камчилик топади. Жуда бўлмаса, "Мошхўрдага картошкани майда тўғраш керак!"—дейди. Кейин келинига елкаларини уқалашни топширади. " Вой, бирам маза-ки! " Лекин сиртига чиқармайди, келини талтайиб кетиши мумкин. Келини кир ювади, уйларни тартибга келтиради, кечки таом ҳозирлайди. Эътибор зерикади. Ҳали опасига, ҳали синглисига телефон қилиб бироз ғийбатлашган бўлади. Ундан ҳам зерикади. Яна келинининг олдига чиқади. Сомсага хамир қораётган келинига қаоаб туради. Келин ҳижолат тортади, қўллари қалтираётгандек бўлади. Билмайдики, аслида, қирқ иккига кирган шу аёл ўн саккиз ёш келиничалик хамир ёйишни билмайди. Эътибор янги келинлигида шилпилдоқ тайёрлаган эди. Қайнотасига алоҳида лаганга сузди. Бошқаларга ҳам. Ўзи пойгакка ўтирди. Бир маҳал ўртача катталикдаги ликопчасига қайнотаси томонидан отилган шилпилдоқлар келиб туша бошлади. "Ёши улуғ одам, овқатидан илиняпди, хафа бўлиб қолмасин", —деб ўзининг овқати қолиб қайнотаси ташлаган хамирни ея бошлади. Овқатга фотиҳа ўқилаётганда қайнотаси бир гап айтиб қолди. —Кўнглингда киринг йўқ экан, келин, хамир қалин ёйилгани учун жаҳлим чиқиб олдингга ташласам, шуни ҳам яхшиликка йўйдинг, —деган эди. Эътибор ўзи уқувсизмиди, барибир, кейин ҳам хамирни юпқа ёйишни эплолмади. Аммо келинига билдирмайди. Феруза Салходжаева (давоми👇👇) @ijod_sehri21 https://t.center/ijod_sehri21
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily