18-модда. Ички ишлар органлари томонидан шахсларни ушлаб туриш асослари ва тартиби
Ички ишлар органлари:
жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда;
ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни;
қидирувдаги шахсларни;
ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров келиб тушган шахсларни;
маъмурий қамоқ жазосини ўташдан, маъмурий тарзда чиқариб юборилишдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш юритилаётган шахсларни
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда;
жиноий жазони ўташдан, шунингдек ўзига нисбатан суд томонидан тайинланган тиббий ва бошқа йўсиндаги мажбурлов чораларини бажаришдан бўйин товлаётган шахсларни;
аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни, кейинчалик уларни аниқ яшаш жойига эга бўлмаганларни реабилитация қилиш марказларига суд ажримига асосан жойлаштирган ҳолда;
фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазият режимини бузган шахсларни;
умумий ҳарбий мажбуриятни ўташдан бўйин товлаётган шахсларни;
қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни;
ўзини ўзи ўлдиришга уринган ёхуд руҳий ҳолатининг яққол ифодаланган бузилиши белгиларига эга бўлган ҳамда ўз ҳаракатлари билан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдираётган шахсларни ушлаб туриш ҳуқуқига эга.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шахслар уларнинг шахси ҳамда ҳуқуқбузарликнинг ҳолатлари аниқлангунига қадар, шунингдек улар тегишли давлат органларига ёки мансабдор шахсларга топширилгунига қадар ушлаб турилади.
Ушлаб турилган шахсга телефон орқали сўзлашиш ёки адвокатига ёхуд яқин қариндошига ўзининг ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида хабар бериш, ушлаб турилган пайтидан эътиборан ҳимоячига (адвокатга) эга бўлиш ҳуқуқи, шунингдек қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқлар берилади.
Ушлаб турилган шахслар, уларнинг ёнидаги ашёлар ва ҳужжатлар, шунингдек уларнинг транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилиши мумкин.
Ички ишлар органлари вояга етмаган шахс ушлаб турилган ҳар бир ҳолат тўғрисида унинг яқин қариндошларига ёки бошқа қонуний вакилларига дарҳол хабар беради.
Ички ишлар органлари ҳарбий хизматчи ушлаб турилганлиги тўғрисида у ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий қисм қўмондонлигига хабар беради.
Ички ишлар органлари чет эл фуқароси ушлаб турилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар беради.
@iioqonuni