53
Нилуфар бугун имтиҳони йўқ бўлгани учун касалхонага йўл олди. У бу касалхонада салкам тўрт йилдан бери доктор ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Доктор ҳам бегона эмас, курсдоши Беҳрузнинг опаси. Нилуфар ишга кирганида Нигора укасининг у билан курсдошлигини, унда кўнгли борлигини билмасдан, келин қилиш ҳақида ўйларди. Ҳаммасини билгач, бундан энг кўп қувонган ҳам у бўлди. Ахир, Нилуфар кўз олдида. Унинг тарбияли, одобли, хушмуомала қиз эканлигини кўриб, амин бўлган.
— Ассалому алайкум Нигора опа, — Нилуфар ишга келиши билан биринчи бўлиб ҳам устозидек, ҳам опасидек кўрадиган докторининг олдига кирди.
— Ваалейкум ассалом, яхши келдингизми? Ўқишлар, имтиҳонлар қийнаб қўймаяптими? — Нигора уни очиқ чеҳра билан кутиб олди.
— Йўқ, ўзим севган касб бўлгани учунми қийинчиликлари ҳам билинмайди.
— Баракалла! Ҳақиқий жонкуяр доктор шунақа бўлади.
— Анора келмадими? — кийим илгичдаги оқ халатга қараб қўйганча сўради.
— Ҳозир йўлда экан, келаяпди. Ҳар сафар келганингда биринчи бўлиб уни сўрасан, — Нигора опа кулиб қўйганча, — унга нисбатан меҳринг ўзгача.
— Ҳа уни жуда яхши, — Нилуфар Анорани ўйлаб жилмайди.
— Буни сабабини билсам бўладими?
— Қулай пайти келганда ҳаммасини айтиб бераман. Чунки буни тарихи узун, — Нилуфар айбдорона кулимсираганча ўрнидан тураркан, — мен беморлардан бир хабар олиб чиқай.
— Кеча аппендицит бўлиб келган бемор бор экан. Унинг ярасини кўриб, шунга қараб дори қўйиш керак.
— Кечаям навбатчиликда қолганмидингиз?
— Йўқ, Мажидов эди навбатчиликда. Беморни у операция қилибди. Қараб қўйишимизни тайинлаганди.
— Хўп, унда биринчи бўлиб ўша бемордан хабар оламан, — Нилуфар сочларини йиғиб, устига оқ халатини кийди, — бемор нечинчи палатада?
— Сал олдин 3-палатага олгандик.
— Тушунарли, — Нилуфар керакли нарсаларни олиб, беморлардан хабар олишга чиқди. Биринчи навбатда Нигора опа айтган беморни олдига ўтди, — хайрли тонг, — эшикни очиб, чиройли табассум билан палатага кириб келдию, каравотда ётган Сарварга кўзи тушиши билан бир сония ўзини йўқотиб қўйди, — ахир бу...у...