8. Янги ҳаёт
Дилором меҳмонхонадаги диванда қачон ухлаб қолгани ёдида йўқ.Бир пайт тонгга яқин қора терга ботиб уйғонди.Тушида жар ёқасида турганмиш.
“Нима қиламан энди буёғига? Қандай яшайман? Одамлар нима дейди? ” Ёш аёл шу хаёллар билан ошхонага қараб юрди. Сув ичиб, бироз ўзига келгандай бўлди-ю, аммо уйқу уни бутунлай тарк этди. Яна хонага қайтиб, диванга оғир чўкди. Анчагача ўйланиб ўтирди. Кейин диванга суяниб ўтирганча, мудраб қолди.
Бир пайт эшикнинг шарақлаб очилганидан чўчиб тушди. Остонада бир коса қаймоқ билан иккита иссиқ нон кўтарган Алишер турарди.
―Алишер ака.Хайрият келдингиз-ей. Жувон шу сўзларни айтаётиб,яна кўзларига ёш тўлди.
― Нега йиғлайсиз?―Алишер қўлидаги нарсаларни стол устига қўяркан, ҳорғин нигоҳларини Дилоромга тикканча маҳзун оҳангда сўзлади. ―Гулнозага кеча акангиз келиб кетгач, ичимдаги ҳамма гапни айтгандим. Дори ичиб қўйибди. Духтурлар милицияга хабар беришибди. Онам билан ҳам тортишиб қолдик...
― Нима? Дори ичибди? Аҳволи яхшими? –аёлнинг овози титраб чиқди.
― Яхши бўлса керак. Ҳозир чой ичайлик, кейин унинг олдига бораман. Ўзи қарийб тонггача касалхонада эдим. Алишер шундай деб диван ёнидаги стулга ўтирди. ―Буёғига бошим ғалвадан чиқмаса керак.
― Энди нима бўлади, Алишер ака? Қандай яшаймиз буёғига?
―Ҳамма қандай яшаётган бўлса, биз ҳам шундай яшайверамиз, жоним. Пешанада борини кўрамиз. Агар мумкин бўлса, битта чой қўйинг. ―Алишер унга жилмайиб қаради.―Бошга тушганни кўз кўради, дейишади-ку.
Дилором ҳалигача чой қўймаганидан хижолат тортиб, ошхонага қараб юрди. Чойни дамлаб келгач, иккиси жимгина нонушта қилишди. Бу жимликни Алишернинг қўл телефони чақириғи бузди.
―Алло,эшитаман. Валейкум салом. Ҳа, Хўжаевман.Тинчликми?
Алишер ошхонага қараб юрди.Бир зум ўтмай кайфиятсиз ҳолда қайтиб келди.
― Милициядан қўнғироқ қилишди.Гулноза дори ичиб қўйгани учун чақиртиришяпти. Яна бир бошоғриқ иш бошланганга ўхшайди.Уф-ф...
Дилором унга нима деб таскин беришни билмай қолди.
―Бугун ишга борманг. Мен таниш дўхтирга айтиб, сизга касаллик варақаси очтираман. Бу гаплар бир ёқли бўлганча, уйда ўтириб туринг. Кейинроқ ишга чиқарсиз. ―Алишер унинг юзидан ўпиб хайрлашаркан, тайинлади. ―Эшикни ҳеч кимга очманг.
У кетди. Дилором эса яна азобли ўйлар исканжасида қолди.
Орадан икки ойга яқин вақт ўтди. Дилором ишига чиқиб кетди. Ишхонасида Дилором ҳақидаги гап-сўзлар ҳам бироз тинчигандай бўлди. Ҳамкасблари у билан салом-алик қилишса-да, ҳалигача бу воқеани муҳокама қилишларини Дилором сезиб-билиб турарди. Шу сабаб ўзини бахтиёр,хушчақчақ кўрсатишга ҳаракат қиларди.Аёл Алишернинг уйида ёлғиз ўзи яшар, у бўлса оиласидан кечиб бу ёққа кўчиб келиши ҳақидаги ваъдасини гўё унутгандай эди.
Аслида Алишер кийимларини йиғиб,Дилоромнинг ёнига кўчиб келмоқчи бўлганида Анора хола катта жанжал қилиб,”Уйдан кетсанг, бир соат ҳам ойимчанг билан яшашга йўл қўймайман.Майли бориб-келиб юравер.Лекин болаларингни ташлаб кетишингга йўл қўймайман,” ―деб оёқ тираб туриб олган эди.Болалари ҳам йиғлаб оёғига ёпишишгач,Алишер бу кўчиш масаласини ҳозирча орқага ташлаб қўйди.
Дилором якка ўзи яшашдан жуда зерикди. Болаларини соғинар, аммо уларни излаб борса, Илҳомнинг ғазабига дучор бўлишдан чўчирди. Ишдан кейин ҳувиллаган уйига бориб,фотоальбомини оларди-да,оиласи бағрида кечган бахтли кунларни муҳрлаган суратларни соатлаб томоша қилиб ўтирарди.
Алишер билан болаларини қайтариб олиш ҳақида гаплашмоқчи бўлса, у бирор баҳона топиб вазиятдан чиқиб кетишга уринар, жуда бўлмаса ҳеч нима демай уйдан чиқиб кетар эди. Дилором ўзи яшаган маҳаллага боргиси келса-да,қўшнилари билан учрашиб қолишни ,бирор кўнгилсизликка дуч келишни истамас эди.
DAVOMI ERTAGA SHU VAQTDA