View in Telegram
7. Ғавғо устига ғавғо Гулнозани шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келган Алишер уни шифокорлар ихтиёрига топширди. Ташқарида ўтган бир соат давомида хаёлнинг турли кўчаларига кириб чиққан йигитнинг боши ғовлаб кетди. У касалхона ҳовлисида нима қилишини билмай тураркан, қўл телефони чақириб қолди. Онаси уй телефонидан қўнғироқ қилаётган экан. Алишернинг дастлаб у билан гаплашгиси, воқеани тушунтириб ўтиргиси келмади. Чунки ҳозир унинг кўнглига қил сиғмас, ҳеч ким билан гаплашгиси келмаётганди. Аммо Анора опанинг баттар хавотирга тушишини ўйлаб, мажбуран жавоб берди. ― Алишер, нима бўлди келинга? ―телефонда онасининг овози янгради. ― Тинчликми, ўзи? ― Ҳеч нарса бўлмабди. Бироз қон босими кўтарилган экан. Ҳозир уйга бораман, онажон. Гаплашамиз. ― Алишер шундай деб алоқани узди. Телефонга қараб, вақт тунги иккига яқинлашиб қолганини кўрган Алишер ҳамшира қиздан хотинининг олдига кириш учун рухсат сўраётган пайтда ичкаридан навбатчи шифокор аёл ҳорғин ҳолда чиқиб келди. ― Гулноза Содиқованинг эри сиз бўласизми? ― Ҳа, ― деди Алишер талмовсираб. ―Хотиним ўзига келдими? ― Хотинингиз ҳали кўзини очмади. Турли хилдаги дориларни аралаштириб, кўп миқдорда истеъмол қилган. Энг хавфлиси― улар орасида ухлатувчилари ҳам бор. Ошқозонини ювдик. Назаримда хавотирли ҳолатдан ўтдик. Ҳозир уйингизга кетаверинг. Тушунасиз, касбим тақозоси туфайли ички ишлар бўлимига хабар бердим. Эрталаб келарсиз. Аёл эшик ёнида турган ҳамширага қараб “Сиз мен билан юринг”, ― деди. Алишер”Опа, нега хабар бердингиз? Бу шунчаки оилавий тортишув. Ўзимиз келишиб олардик, ”-деган гапига шифокор аёл жавоб бермади. Бурилиб ичкарига кириб кетаркан”Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр-а, тавба. Ўзларинг келишсаларинг, дори ичиб нима қилади? ” ―дегани эшитилди. Йўлда келаркан, кўнглида Гулнозага нисбатан ачинишга ўхшаш туйғуни ҳис қилди. Шунча йил яшашган бўлса-да,хотинига меҳр қўёлмаганидан кўнглида оғриқ сезди. Уйига боргиси келмас, ўзини онаси билан ёқимсиз суҳбат кутаётганини тахмин қилаётганди. Ҳаммаси ўзи ўйлаганидай бўлди. Анора хола касаллик туфайли эрта вафот этиб кетган синглиси Гулноранинг қизини келин қилган кунданоқ ёлғиз ўғли билан Гулнозанинг ўртасида кўринмас жарлик борлигини ҳис қилган эди.Кейинчалик фарзандлари туғилиб, орадан ўтган етти йил ичида Алишер тақдирга тан бергандай бўлгани, Гулнозага нисбатан муомаласи бироз илигани онанинг кўнглини бироз тинчлантирган эди.
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily