View in Telegram
#Kapalak_umri Капалак умри (8-қисм) Эътибор келинларига эшиттириб гапиради — Ҳеч қаёққа бормайди! Онаси яхши қараши, вақтида яхши едириб ичириши керак эди. Биз ҳам туққанмиз. Худой сақласин. Дилбар орага тушади, дакки эшитиб олади. Элдор гапирмоқчи бўлса "Хотин қули" номи билан "сийланади' Ишдан қайтган Элдор хотинига —Мумтоз, эртага ойим уйғонмасидан сени олиб қочиб кетаман. Шифокорга олиб бораман,—деди. —Бегим, ота-она фарзандини оқ қилиши шарт эмас, дили оғриса ҳисоб, қўйинг, охиратингизни куйдирманг, қачон рухсат берсалар шунда борамиз. —Мумтоз, эртага сенга бир нарса бўлса, менга яшашнинг қизиғи қолмайди. —Пешона тақдирдан қочиб бўлмайди, бегим. Мумтознинг дарди бошланди. Дилбар туғишган опадек ёрдамга шай, у Тошкентга қайтаётган куни бозорга кириб туғруқхона халтасини тайёрлаган эди. Ўша куни Саъдулла ҳам етиб келди. Овсинини олиб,, қайнонасининг олдига кирдилар. Дард билан олишаётган Мумтоз қайнонасининг олдига бориб қўлларидан тутди, лабига босди. —Ойижон, дуо қилинг. Эътибор келин кўрганидан бери илк бор дуо қилди —Эсон-омон бағризга босиб олинг — Мандан рози бўлинг, ойижон, сиздан розиман... Мумтознинг сўнгги гаплари Эътибордек аёлни ҳам титратиб юборган эди. Дарвоқе, келинининг қўллари муздек эди. Эътиборнинг кўнгли ғашлана бошлади. Болалари бир оғиз юринг демадилар-а. Ишқилиб, келини осонгина қутулсин. У нима қилишини билмас, ҳовлида у ёқдан бу ёққа юрар экан, Аллоҳга ёлборарди. Кейин бир нарса эсига тушгандек, қўлига қумғонни олди. Мумтозни эслади "Ойижон, қумғонга илиқ сув ҳозирладим, таҳорат оласизми?" Кейин Мумтоз совға қилган, ҳали бирор марта кийим кўрмаган узун кўйлагини кийди.. "Ойижон, бирга намоз ўқиймизми?" Бошига рўмол ўради. "Ойижон, сизга рўмол жудаям ярашади. Шуни ўраб кўринг!" Ўшанда юзини тескари бурганди. Кўйлак қулай, ёқимли, рўмол, майин эди. "Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин, ойижон, бу жойнамозда маза қилиб намоз ўқинг, ўғлингиз сиз учун сотиб олибдилар!" Эътибор жойнамозни ёзди, ўтирди, турди, нима ўқишни билмади. Қирқ беш ёшга кирган аёлнинг пешонаси сажда кўрмаган эди. Намоз ўқишни билмас эди. У ўз-ўзидан чўк тушиб йиғлай бошлади. Кўз ёшлари тўхтамас, ҳозир уйда қандай ёлғиз қолган бўлса, қабрда ҳам шундай танҳо қолишини ўйлаб йиғларди. Бироздан сўнг ўрнидан турди. Негадир юраги ғаш эди. Телефонини олиб Элдорга қилди, жавоб йўқ, Саъдуллага қилди, ўчириб қўйди. Дилбарнинг рақамини терди. У томондан йиғи овози келди —Ойижооон, Мумтоздан айрилиб қолдик. Онани ҳам болани ҳам асраб қолишолмади... Қолган гапни эшитмади. —Болам, Мумтоз, қизалоғим, мани қўрқитма. Уйларимнинг фариштаси қайт, қайт, болам. Ман гуноҳкорни кечир. Аллоҳим, мани кечир. Ҳафтанинг жума куни кўҳна қабристонда иккита гўр қазилди. Мумтоз ўғли билан ёнма ён қўйилди. Элдор ҳеч кимдан уялмай ўкириб-ўкириб йиғлади. Марҳуманинг еттиси ўтгач, Эътибор журъат қилиб ўғлининг олдига борди. Айбдорлик ҳиси елкасини эгиб қўйган, она қаддини кўтармай ўтирган ўғлининг бошини силамоққа журъат этди. Воажаб, Элдорнинг қоп-қора сочлари қордек оппоқ эди! Аёлнинг узалган қўллари ҳавода қолди... Мумтоз билан уйларнинг файзи кетди. Итоаткор Дилбарнинг қиёфасидан қўрққулик эди. У ўзини иймондошидан, диндошидан, қалбини очган қадрдонидан айрилиб қолганига чидолмас эди. Саъдулла укасининг ёнидан бир зум жилмас, ҳар кеч йўқолиб қолган жигарини қўшмозордан топиб келарди. Соқоллари ўсиб кетган йигит битта уйга қамалиб олар, эшикни ичидан тамбалаб олганча ўтираверар, фақат намоз вақти кирганда ибодатларини адо этарди. У Мумтознинг илтимосини бажарар, ҳар намозидан сўнг севимли рафиқасига Қуръон тиловат қиларди... Эътибор намоз ўқиб бўлгач, икки ёнига салом бериб дуога қўл очди. —Ойижон,-деган овоз келди ортидан, беихтиёр ўгирилди аёл —Сиз иймон-тавфиқ топишингиз учун бировнинг гулдек қизи нобуд бўлиши керакмиди? Кейин саволининг жавобини эшитмай, ташқарига чиқиб кетди.Тўлиб-тўлиб, тўкилиб-тўкилиб йиғлади. "Жаннатда менга қўшни бўласизми, опажон?" Қани эди, Мумтоз, шундай бўлса... Элдор ваъдасида турди Қуръон ўқишни астойдил ўргана бошлади. Феруза Салходжаева (давоми 👇👇)
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily