* * *
Сен – шундай жозиба қадимдан-қадим,
Сен – шундай табиба надимдан-надим,
Мудом ичдим сени, мудом чанқадим...
Ишқ, десам, у сенча муттасил эмас,
Сенингдек бир умр, тўрт фасл эмас...
Сени йўқламаган биронта жон йўқ...
Сенсиз ҳаёт тийин, сенсиз жаҳон йўқ...
Сенга шайдоликка асти поён йўқ...
Мен ҳам бир кемтикман, фатҳингга толиб...
Бунча жаҳонгирсан, бунчалар ғолиб…
«Бас, етдим…» деганда, яна бир бошдан
Ойдан ёғду олиб, олиб қуёшдан,
Бўлиб ойдин вужуд, бўлиб қуёштан,
Олисда чарҳ уриб порлайверасан...
Тўлинсан, тўлмоққа чорлайверасан…
Сен – масрур қўшиқлик, шодон дуторлик,
Кунларим олдиндан хандон этарлик,
Гоҳи қўл етмаслик, гоҳи етарлик...
Шундай мўъжизасан, шундайин қисмат,
Жаннатий нафасли, фаришта хислат…
Йўқ эсанг, мушкуллар бизни ермиди,
Оғриққа эш кунлар бизни ермиди,
Ўксиклар, тушкунлар бизни ермиди...
Ҳаётга олтин ҳал сурар ўзингсан,
Суманбар кўрсатар, кўрар – ўзингсан…
Сен – менинг мангулик йўлдош ҳунарим,
Ҳеч завол билмасим, доим унарим,
Ҳамма сўниб бўлгач, охир сўнарим,
«Ўлим» деган сўзга доимо зидсан,
УМИДсан, УМИДсан, ширин УМИДсан!
Эй кўнгил – самовий рангин камалак,
Синдир, умидсизлик шохларин синдир!
Букун фақат ростни тавоф айламак,
Букун – умидларга суянар кундир!
1999 йил.
@Gulchehra Nurullaeva
Instagram
YouTube
Facebook