View in Telegram
Назмимиз Мирзосининг шамъи Сирожи ўчмагай, Дил китобдир токи бул, кўнгул китобдир бул китоб. Бу мисралар Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид томонидан Мирзо Кенжабекнинг “Ҳаёт садолари” китобига битилган ашъордан олинди. Энди эса шоир Мирзо Кенжабек томонидан Сирожиддин Саййидга бағишланган каттагина шеърдан парча келтирамиз: Энди омон бўлсин онангиз, Сирож, Оталар бор эди – бошимизда тож, Оталар, бир она кетди, не илож, Иккимизга ёлғиз бир она қолди... (Ушбу шеър эълон қилинганда бу икки улуғ шоирнинг бир оналари бор эди. Энди... Охиратлари обод бўлсин!) Хуллас, ўтган куни ҳожи Сирожиддин Саййид акамизнинг ижоди ва фаолияти ҳақидаги мулоҳазаларимни бир кичик мақолача шаклида эълон қилган эдим. Изини совутмасдан у кишининг болаликдан бирга келаётган дўсти, Оқработчасига айтганда – узанги йўлдоши, шоир акамиз Мирзо Кенжабек ижоди ҳақидаги фикрларни ҳам эълон қилмоқчиман. 1992 йил. “Новза” масжидидан сал тепароқдаги “Еттитерак” маҳалласида, бир харобгина кулбада ижарада яшардик. Мен ҳали ўқишга ҳам кирмаган, хонадошларим эса журналистика факультетининг сиртқи бўлимида таҳсил оладиган, радио ва нуфузли газеталарда иш бошлаган устозларим эди. Ҳали боши икки қилинмаган, йигирмадан ошиб-ошмаган бу устозлар бўш қолди дегунча, шеърхонлик қилишарди. Энг кўп ўқиладиган (ёд айтиладиган) шеърлардан бири “Омонгул” эди: Хонамга шаҳд билан киради дўстим, Дейди: Ишқ тугади! Энди тамом йўл! Вокзалга чиқайлик, Сессия битди, Омонгул кетади бугун, Омонгул! Айтиб қўйишим мумкин, бу шеър кичкина эмас. Аммо юрагингизни жиз эттирган мисралаларни ёд олиш ҳеч қачон малол келмайди. Эргашиб жўнаймиз бесўз, бетанбеҳ, Вокзалга етамиз… Ҳаёт – мунглиғ най. Бир юз саксонинчи – “Тошкент – Душанбе” Поезди турибди жўнамоққа шай. Бир акамиз бу бандини айтиб тугатиши билан иккинчиси давом этади. Кейин – учинчиси. Мен анграйиб ўтираверардим. Ич-ичимдан аччиқ бир алам ўтардики, нега мен шу шеърни ёд олмаганман. Бу вақтда акаларимиз галма-гал давом этаётган бўлади: Беомон экан-ку, кўзинг, Омонгул, Исминг-ку ватанда оздир, Омонгул, Ёмонгул экансан, ўзинг Омонгул, Исмингга уйланса арзир, Омонгул. Бўлди, у ёғини айтмайман. Демоқчи бўлганим, бу шеърият билан танишув шундай бошланган эди. Кейин аканинг анча-мунча китобларини ўқишга ҳаракат қилдим. 2010 йил бўлса керак, “Садо” газетасида ишлардим. Бир куни ҳамкасбимиз Ҳафиза Курдашева (Вафоева, Оллоҳ у кишини раҳмат қилсин) “Мирзо Кенжабек билан курсдош бўлганман”, деб қолди. Шунда мен дарҳол шоирнинг иккигина мисрасини ёддан ўқидим: Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар. – Мен айтганман шу гапни, мен бу кунларнинг шеър қилинг, деганман, пахтада эдик, – деди жавобан Ҳафиза опамиз. Мирзо акамизни бутун элга янада маълум-у машҳур қилган шеър эса анча кийин ёзилди - “Ибодат”. Бу шеър жуда кўп давраларда айтилди. Тўйларда ижро этилиб, висол оқшомларига файз киритди, одамларга, бутун жамиятга ибодат не эканлигини ўргатди, бошқача айтганда, исломни элга яқинлаштирди. Бутун борлиқ, наботат ҳам Яратганга этар тасбиҳ, Бобо деҳқон экиб юрса зироат ҳам ибодатдир. Энг зўр жойлари сал пастроқда келади: Агар жуфти ҳалол бирла кўнгилхушлик этар бўлсанг, Фалак шоҳид, малак ҳозир, бу суҳбат ҳам ибодатдир. Хуллас, Сирожиддин Саййид ва Мирзо Кенжабек устозларимизнинг бақамти, бир-биридан баланд шеърияти бор-ки, ўқиган сайин маза қиласан, юрагингнинг аллақайси бурчакларидаги салқи тортган туйғуларинг уйғонади, қалбингда баҳор нафаси бошланади. Холиёр Абдиев, Чирчиқ, 07.01.2025
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily