1994 йил бўлса керак, талаба эдик, ётоқхонада яшардик. Бир куни сабоқдош дўстим, вахшиворлик шоир Зариф Қурбоннинг хонасига кирсам, қалинлиги 12 вароқли дафтардеккина, ўлчамлари шу дафтарнинг тенг ярмича келадиган бир китобни ўқиб ўтирган экан. Мени кўриб жойидан сакраб турди, қўлидаги китобчани ҳаволатиб “Манавини қаранг, манавини”, дейди. Кўзлари ҳайратдан чақнаб кетган, ҳаяжони ичига сиғмайди. Нима экан, десам, қўлидаги Сирожиддин Саййиднинг “Куйдим” деган китоби экан. У ўзини ҳаяжонга солган сатрларни кўрсатди:
“Бир ҳўкизга хотин бўлдинг сен, Раъно”.
У шеърнинг сарлавҳаси ҳам бошқа сатрлари ҳам ҳозир эсимда йўқ. Лекин, шу сатрлари ҳалиям ёдимда!
“Бир ҳўкизга хотин бўлдинг сен, Раъно”.
Акалар, бу муҳаббатига эриша олмаган йигитнинг аччиқ ва аламли ҳайқириғи! Тамом бошқа сўзга ҳожат йўқ! Лекин шуни бу даражада аниқ айтиш ҳам унча-мунчасига насиб этмайди! Биз бекорга ҳаяжонланмаганмиз. Қалбимизда шунга ўхшаш туйғу бўладиган ёшда эдик-да. Демак, шоир биз кутган гапни шу шеърида айтган ва биз уни топганмиз!
(Бу сўз нафис шеърият учун бироз қўполлик қилади. Шунинг учун кейинчалик "бедардга", деб ўзгартирилибди. Ҳеч қиси йўқ, шакл ўзгаргани билан маъно ўша-ўша.)
Шерали Жўраев маромига етказиб куйлаган “Куйдим”ни ҳам биринчи марта шу кафтдеккина китобчада ўз кўзларим билан ўқиганман. Ўрни келганда айтиб қўяқоламан, Шер аканинг ушбу қўшиғини эшитиб, йиғлаган ўртоқларни биламан. Ўзиям даҳшатда. Ҳажм сал каттароқ, бу қўшиқ охирига етгунча бошқа қўшиқларнинг икки-учтаси тугаб кетади. Лекин, чўзилгани заррача билинмайди. Аксинча, қайта-қайта эшитасиз.
Айтмоқчи, “Куйдим” Сирожиддин Саййидни ҳазрат Навоий даражасига кўтарган. (Бу гап меники эмас, кўпчилик эшитган, “Навоийнинг шу ғазали бошқачада”, деганга ўхшаш гап айтган экан биттаси).
Аканинг ижодида бундай умрбоқий ашъорлар кўп. Ҳақиқий шеърлар бисёр. “Сингилжон, экавер райҳонларингни”га ўхшаган самимий сатрларни бу шеъриятнинг ҳар қадамида учратиш мумкин.
Кези келганда айтиб қўйишим керак, мен уюшмага аъзо эмасман. Ҳозирча ундай даъво ҳам йўқ. Радиода ишлаб юрган пайтларимда акадан бир-икки марта интервью олишга тўғри келган, аммо унда раис эмасди.
Хуллас, шахсан танишлик жойим йўқ. Ёлғон бўлмасин, бир ойлар олдин хизмат юзасидан телефон орқали (!) гаплашишга тўғри келди ва бу суҳбат менда ижобий кайфият уйғотди. Ҳаммаси оддий ва самимий эди. Мен ташкиллаштирган (съёмкасига ўзим бормаганман) интервьюси эфирга кетгач, телефон қилиб, бир оғиз раҳмат айтишни ҳам унутмади. “Сингилларим кўрди-да”, деди болаларча соддалик билан. Самимиятни қаранг, фалончи ака кўрди, деб эмас, сингилларим кўрди, менинг соғ-омон эканлигимни билди, деган хурсандчилик! Сингиллардан олисда яшовчи аканинг чексиз соғинчи бор эди бу сўзларда.
Энди гапнинг очиғини айтаман – аканинг даврида уюшма катта-катта натижаларга эришди. Билмайман, олдин бунақаси бўлганми, йўқми. Алоҳида бинога эга бўлди, кўплаб адибларга имтиёзли шартлар асосида уюшма яқинидан уй қуриб берилди, ижод уйлари кўпайди ва ҳоказо.
Энг асосийси, мен бу гапни олдин ҳам бир даврада айтган эдим, яна қайтараман:
– Сирожиддин Саййид раислиги даврида уюшма томонидан чоп этилган китобларни бутун адади бўйича биттама-битта, орасида очиқ жой қолдирмасдан териб чиқилса, Тошкентдан Кундажувозгача етади!
Бу катта гап.
Вали Ғофуровнинг мен 1988 йилда ўқиган “Вафодор” романигача қайта нашр этилди. Эсингизда бўлса керак, игна билан ёзилган бу роман. Вали Ғофуров урушда икки кўзидан айрилиб, қайтгандан кейин ёзган уни.
Яна қанча ёзувчи ва шоирларнинг сайланмалари чиқди. Ҳатто ўтиб кетган ёзувчилар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Қанчадан-қанча ёшларнинг биринчи китобчаларини айтмайсизми... ва ҳоказо.
Шу-да ишлаш, шу-ку фидойилик.
Ким билади, дейсиз, балки уюшма кўмаги билан олинган уйлар ёки уюшмага қарашли ижод уйларида бугун давримизнинг энг дурдона асарлари яратилаётгандир. Уюшма томонидан нашр этилган китоблар шу кунларда миллат даҳоларини тарбиялаётгандир.
Бу ёғини энди вақт кўрсатади.
Холиёр Абдиев,
05.01.2025