View in Telegram
​​ҚАЙС НЕГА МАЖНУНГА АЙЛАНДИ? “Хамса”даги ҳар беш достоннинг муқаддима қисми ҳамд, муножот ва наът бобларидан таркиб топган ва улар муаллиф ижодий ниятидан келиб чиқиб достон хусусиятига мос талқинлар билан бойитилган. Жумладан, “Лайли ва Мажнун” достонининг ҳамд бобида Ҳақ таоло қудратини англашда   ақлнинг нечоғлиқ ожиз экани мана бундай ифодаланади: Эй сендин улус хужаста фаржом, Оғозинга ақл топмай анжом. Эй ақлға фоизи маоний, Боқий Сену борча халқ фоний. Бу орқали буюк шоир фақат ақлгагина таяниш эътиқод асосларига мувофиқ эмаслиги ҳақидаги ирфоний қарашларини ифодалайди. Ақл ва ишқ муносабатлари билан боғлиқ достон концепциясини ўқувчи шуурига босқичма-босқич сингдира боради. Аллоҳ таолонинг ҳуснни дилпазир (ёқимли), эл кўнглини унга асир қилганини таъкидлар экан, китобхон руҳиятини изчил мантиқ асосида Қайснинг Мажнунга айланишига тайёрлайди. Қайснинг бу ёруғ дунёга келши воқеаси достоннинг Х бобида ифодаланган. Бош қаҳрамон исми тўрт боб давомида Қайс деб юритилади. XV бобга келибгина у Мажнун деб атала бошлайди. Ўнинчи бобнинг сарлавҳасидаёқ унинг ишқ йўлида “хирад тариқин унутқони ва Мажнунлуққа шуҳрат тутқони”га урғу берилган. Ишқни деб ақлу хираддан кечгани учун ҳам шу ном билан машҳур бўлади: “Лайли, Лайли!” – дебон чекиб ун, Эл деб: “Мажнундур, ушбу Мажнун”. Ҳазрат Навоий талқинига кўра, Ҳақ таоло ҳусни тажалли қилгани боис Лайли Унинг ишқига мазҳар бўлди. Лайлининг сифоти эса Мажнун қилмоқдир. Эй оники Лайли айлаб отин, Мажнун қилмоқ қилиб сифотин, Эй Мажнунунг хираддин озод, Оҳи  берибон хирадни  барбод, Эй ақл Сенинг йўлунгда ғофил - Ким, телба Сенинг йўлунгда оқил. Ҳазрат Навоий “Лайли ва Мажнун” достони сюжети ва композициясини ана шу тарзда ўз ижод концепцияси заминига қуради. Асарнинг муқаддима бобларини асосий сюжет билан мустаҳкам боғлайди. Достондаги ҳар бир сўз ва образ, ҳар бир боб ва байт муаллиф ижодий нияти ифодасига хизмат эттирилади. Достоннинг ботиний-ирфоний моҳиятини буюк шоир ижод концепцияси асосида чуқур тадқиқ қилиш навоийшунослик олдида турган долзарб вазифалардандир. Нурбой Жабборов •┈┈• ❀ 🇺🇿📚🇺🇿 ❀ •┈┈• Kanalimizga a'zo bo‘ling va do‘stlaringizga ulashing. ⬇️⬇️⬇️ https://t.center/gayratmajidijodiykanali •┈┈• ❀ 🇺🇿📚🇺🇿 ❀ •┈┈•
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily