View in Telegram
Фахриёр
Муҳаббатдан сўнг Армон – жўнатилмай қолган кўҳна хат, ҳеч ким ўқимаган, суртмаган кўзга. Юракда сарф бўлмай қолган муҳаббат зард ва ажин бўлиб тепчийди юзга. Йиртиб ташланмаган, ғижимланмаган армонни ҳижжалар дил оғриқлари. На «нима»ланмаган, на «ким»ланмаган соғинчларинг тошга айланар… қариб. Кун келар, тугайди армонлар зулми, Гулнинг ҳижрони ҳам тугар ниҳоят. Сени хароб этган шу битта гулни Нечун севадирсан бу қадар аяб? Армон – гул сиғмаган манглай торлиги, армон – қул сиғмаган икки жаҳонинг, армон – севилмаган дилнинг борлиги, армон – қўлинг эмас, кўзёшинг қони. Энди соғинчдан-да, муҳаббатдан-да ёт бир эҳтирослар юракни қамрар. Лабларда кулгимас, заҳар бир ханда, кўнгилда аламмас, ёт туйғу амри. Бу туйғу армонни гуноҳлар билан ювмоқ истагидан топар қаноат. Унинг оқибатин на малак билар, на шайтон билади – мусибатпаноҳ. На юрак билади – мактаб кўрмаган, на кўнгил билади – азоб кўзгуси. Сени умринг бўйи эзган, хўрлаган ҳисга норозилик боради ўсиб. Лекин норозилик – армон ҳиссини кимнинг қони билан юварсан ҳалак? Димоққа ўтирган қасос исини чўпчак айтиб аритарми бир малак? Шаҳризоданг қани, дўстгинам, сенинг, қани минг бир кечанг овунмоқ учун? Борми бу аламнинг адоқ ва эни, юриб етолмаган етарми учиб? Ўша аёлдан бахт сўрамасликка сенинг йигит қурбинг келмайди нечун? Ўзгалар бахтидан тўрамасликка наҳотки етмаса ироданг, кучинг? Сенга бахт не керак, бахтсизлик – нега, гуноҳдан тасалли излаган одам? Ёзиқларга чиқмоқ истайсан эга, нимангдан, кимингдан қолган бу одат?.. Ҳар неки ўткинчи: қадр, бадр ҳам, барини омонат яратмиш тангри. Фақат гуноҳ қилмоқ эрки абадий, фақат тавба қилмоқ имкони мангу. 1999 йил декабри
Share
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily
Start