View in Telegram
А.Маас харитаси сиёсий харита бўлиб, унда Каспий денгизи ва бу ҳавзага туташ ҳудудлардаги давлатларнинг чегаралари кўрсатилган. Ўша даврнинг бошқа хариталаридаги сингари, унда ҳам ёзувлар лотин тилида. Ҳар хил рангларга бўялган Persia, Russia, Indostan, Chin cингари мамлакатлар қаторида бутун Ўрта Осиё минтақаси алоҳида ранг билан ажратилиб, лотин ҳарфларида “Usbek”, А.Мааснинг қўлёзма харитасида эса “Usbekia” деб ёзилган. Яъни бу харитада бутун Ўрта Осиё минтақаси “Ўзбек” (Usbek) ёки “Ўзбекия” (Usbekia) номли алоҳида сиёсий бирлик, яъни мамлакат ёки давлат сифатида кўрсатилган. Шимолда мазкур мамлакат Россияга қарашли Калмукия (Kalmuchia) вилояти ва Қозоқлар вилояти (Kosaki Populi Regio), шарқда Кошғар вилояти (Cascar Regnum), жанубда – Ҳиндистон(Indostan)га қарашли Кобул вилояти (Kabul Regnum) ва Эрон(Persia)га қарашли Забулистон (Sablestan), Хуросон (Corassan) ва Астробод (Asterabat) вилоятлари билан чегарадош бўлган. А.Маас харитасида бир тарафдан XVI–XVIII асрнинг биринчи ярмида ўзбеклар яшаган ҳудудлар, иккинчи тарафдан эса Шайбонийлар (XVI аср) ва Аштархонийлар (XVII–XVIII аср биринчи ярми) сулолаларига тегишли ўзбек хонларининг сиёсий ҳокимиятига бўйсунган ҳудудлар акс эттирилган. “Usbek” ёки “Usbekia” номи остида бирлаштирилган мамлакатнинг чегаралари ғарбда Каспий денгизининг шарқий соҳили, шимолда Эмба дарёсининг Каспий денгизига қуйиладиган жойидан Тангритоғ (Тянь-Шань) тоғларининг шимолий этакларигача, шарқда Тангритоғ, Помир ва Олой тоғлари, жанубда эса Ҳиндикуш тоғлари бўйлаб ўтган. Шуниси диққатга сазоворки, айнан шу ҳудуд тарих давомида Туркистон, деб аталиб келган, географияга доир илмий адабиётларда эса ҳозир ҳам “Туркистон табиий-географик ўлкаси”, деб номланади. А.Маас харитасида асосий эътибор макротопонимия, яъни йирик географик ҳудудларнинг номланиши, шунинг­дек, давлат­ларнинг сиёсий чегараларига қаратилган. У Ўрта Осиёнинг тарихий географияси, хусусан, минтақанинг макротопонимияси бўйича муҳим манба бўлиб, ўша давр сиёсий географиясини акс эттиради. Василиос Вататзис харитаси (1730). XVI–XVIII асрларда нашр этилган Ўрта Осиё минтақаси хариталари орасида юнон саёҳатчиси Василиос Вататзиснинг 1732 йили Лондонда нашр этилган “Каспий денгизи ва Орол денгизи харитаси” (Сharta, in qua cruditis spectanda exhibeteur pas Asiae […] Tabula Maris Caspii et Maris Aral) алоҳида аҳамиятга эга. Юнон ва лотин тилларида кўплаб ёзувлар битилган бу ноёб икки тилли хаританинг 1730 йили чизилган асл қўл­ёзма нусхаси Буюк Британиядаги Қироллик географик жамиятининг хариталар хазинасида, унинг нашр этилган нусхалари эса Британия кутубхонасининг хариталар бўлимида, шунингдек, Европанинг бошқа кутубхоналарида сақланади (3-сурат). Василиос Вататзис асли Усмонийлар империясининг Трапея шаҳридан, отаси Константинопол(Истанбул)да насроний черковини бошқарган. У ёшлигидан халқаро савдо ишлари билан шуғулланиб, кўп йиллар Европа ва Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилган ва сафарлари ҳақида юнон тилида хотиралар ёзиб қолдирган. Ёдномаларда ёзилишича, В.Вататзис Эронда Нодиршоҳ саройида маълум вақт яшаб, унинг хизматида бўлган, таржимаи ҳолини ёзган. 1727–1730 йилларда Нодиршоҳ топшириғига биноан Каспий денгизи атрофида жойлашган мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилган. Тахминан 1730 йили Ўрта Осиё харитасини тузиб, Қироллик географик жамиятига совға қилган. 1732 йили мазкур жамият картографи Жон Сенекс харитага ишлов бериб, уни нашр эттирган. Бу харита ўша вақтгача Европада чизилган Ўрта Осиё минтақасининг барча хариталари орасида энг ишончлиси эди. Унда Орол денгизидан Помир тоғларига қадар бўлган ҳудудларни ўз ичига олган Амударё ҳавзасидаги барча ерлар ΩZMПЕГIΣТАN (Uzbekiae), яъни Ўзбекистон мамлакати, деб кўрсатилган. Бу мамлакатнинг ичида Хоразм ҳудудида Бухария, Амударёнинг юқори оқими ҳавзасида Бадахшон сингари вилоятлар, шунингдек, Хива, Самарқанд, Балх каби катта шаҳарлар ҳамда Қарши, Хўжанд, Қундуз сингари кичикроқ шаҳарлар борлиги, Амударёнинг Орол денгизига қуйиладиган жойида эса кўчманчи оролликлар истиқомат қилгани кўрсатилган.
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily