View in Telegram
Тадқиқот ТАРИХИЙ ХАРИТАЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН Хариташунослик тарихи бўйича кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, XVI-XVIII асрларда Ғарбий Европада нашр этилган дунё­нинг сиёсий хариталарида Ўрта Осиё минтақаси Usbek (Usbec, Usbeck, Vsbek), Usbekia (Usbechia), унинг айрим ҳудудлари эса Usbek Bucharia, Usbek Bochara, Usbek Chowaresmia, Usbek Mawaralnahra, Usbek Turkistan, Usbek Turan, Usbek Tartaria, Usbek Zagatay сингари номлар билан аталган. Таъкидлаш жоизки, буларнинг барчаси этноним, яъни халқ номи эмас, балки топоним, яъни жой – мамлакат номи сифатида берилган. Usbeck, Usbekia вa Özbegistan каби атамалар билан қайд этилган тарихий хариталар жами икки юздан кўп. Улар шундан далолат берадики, “Ўзбекистон” номи 1924 йили руслар томонидан ўйлаб топилган эмас, балки ўрта асрлардаёқ Европанинг сиёсий ва тарихий-географик тизимида қўлланилган Usbeck вa Usbekia каби топонимлар ўзбеклар мамлакати – Özbegistan жой номининг лотинча шакллари. Булар XVI–XVIII aсрлардa Ўрта Осиёга нисбатан ишлатилган, унда Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлатлари назарда тутилган. Кейинчалик ушбу давлат марказлaри бир нечта ўзбек хонликларига бўлиниб кетган. Хариталардаги Ўзбекистон топоними тарихий Туркистон атамаси ўрнида унга маънодош сифатида қўлланилган. Ҳар иккала этнотопоним, яъни Туркистон ва Ўзбекистон, XVI–XVIII aсрлардa этник жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган турли уруғларни сиёсий жиҳатдан бирлаштирган. Мазкур хариталардаги кўплаб географик ва этнографик маълумотлар аниқ эмас, чунки европаликлар XVI–XVII асрларда Ўрта Осиё ҳақида ишончли факт­ларга эга бўлмаган. Кўҳна қитъада хариташуносликнинг ривожланиши Ренессанс даври, яъни XV–XVI асрларга тўғри келади. Бу пайтда эса Буюк Ипак йўлида карвонлар қатнови тўхтаган, европаликлар Ҳиндистон ва Хитойга денгиз йўли орқали қатнай бошлаган. Шунинг учун Ўрта Осиё европалик саёҳатчилар ва хариташуносларнинг эътиборидан четда қолган. Лекин XVIII асрнинг биринчи чорагига келиб, вазият ўзгарди. Бир тарафдан Россия ҳукмдори Пётр I, иккинчи тарафдан Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ томонидан Ўрта Осиёга айғоқчилик мақсадида юборилган саёҳатчилар минтақанинг янги хариталарини чиздилар. Ушбу хариталарда келтирилган географик ва этнографик маълумотлар бирламчи манба сифатида қабул қилиниши мумкин. Қуйида шулардан иккита энг ишончлиси ҳақида сўз юритамиз. Абрахам Маас харитаси (1728). Шундай хариталардан бири даниялик Абрахам Маас (1700–1735)нинг 1728 йили Санкт-Петербургда чизилган “Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси”(Tabula Nova de Mare Caspium et Usbekorum region)дир. ­А.Маас Россия императори Пётр I даврида Россия фанлар академияси Рус географик жамиятининг картография бўлими бошлиғи сифатида хизмат қилган. А.Маас­ бу харитани 1723 йили номаълум шахс томонидан чизилган рус тилидаги қўлёзма хаританинг асл нусхасидан кўчирган. Россия 1722–1723 йилларда сафавийларга қарши уруш олиб бориб, Каспий денгизининг ғарбий соҳилини Россия империясига қўшиб олган эди. Уруш тугагандан кейин элчилар Хива, Бухоро, Балхга юборилган. Улар учун чизилган мазкур харита “Карта-Описание Каспийского моря и Узбекс­кой страны” (“Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси тавсифи”) деб номланган ва 1723 йили Пётр Iга тақдим этилган. А.Маас 1728 йили ўз харитасини айнан шу харитадан кўчириб чизган (1-сурат). Ҳозир бу хариталар Санкт-Петербургда, Россия фанлар академияси кутубхонасининг қўлёзмалар хазинасида сақланади. Ҳар иккала харитадаги ёзувлар мазмуни бир хил: рус харитасида русча, А.Маас харитасида эса лотинча. Булар Пётр I даврида ўтказилган картографияга доир тадқиқотлар натижалари акс эттирилган илк намуналар ҳисобланади. 1735 йили А.Маас харитаси Германияда веналик хариташунос Йоҳаннес Питер ван Гелен томонидан “Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати, унинг атрофдаги мамлакатларнинг янги харитаси” (Nova Maris Caspii et regionis Usbeck, cum provincijs adjacentibus vera delinetio) номи остида нашр этилган (2-сурат).
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily