#Карвон_қўнғироғи
«Катта шаҳарлар ҳаётини кузата туриб, ўйга толаман. Қишлоқлар уёқда турсин, олис-олис овлоқлар ҳам шаҳарлашаяпти. Бир қарашда бу жуда яхши. Шароитлар, имкониятлар ўзгаради, ҳаммаси замонавийлашади. Яқин-ёвуқни тараққиёт ўз меваларидан баҳраманд этади. Лекин бу жараёнда элнинг маънавий қиёфаси йўқолиб боришини сезмай қоламиз. Ҳар қандай шаҳарлашиш меҳру оқибатни, асл илдизларни бой бериш эвазига амалга ошмаслиги керак. Баъзида чўл ҳудудларида кенг яйловларда ҳар-ҳар жойда битта уйга дуч келасиз. Баъзи уйларнинг орасидаги масофа беш-олти километр келади. Менга баъзан битта кўпқаватли уйда, битта йўлакда, битта қаватда ёнма-ён яшаётган бегона қўшнилардан кўра яйловлардаги тарқоқ қўшнилар бир-бирларига яқиндай туюлади. Улар бир-биридан яхши хабардор. Бир куни Афросиёб поездида икки ёш йигит билан Самарқанддан Тошкентгача кичик стол атрофида юзма-юз ўтириб келдик. Шунча вақт орасида орамизда 60 сантиметрлик стол ёнида ёнма-ён ўтириб келдигу гаплашмадик. Гаплашмаганимиз ҳам майли, на салом бўлди, на хайр. Бир сўз ҳам йўқ. Ахир биз одамлармиз-ку. Бир элнинг фарзандларимиз-ку?..»
© Эшқобил ШУКУР, «Ақл ва нодонлик кўпригида» мақоласидан.
@Eshqobil_Shukur_ijodi