Шавкат Мирзиёев касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга оид таклифлар
тақдимоти билан танишди.
Даволашдаги энг катта муаммо – касалликнинг кеч юзага чиқиши. Шу боис президент ташаббуси билан
Қашқадарёда, тажриба тариқасида,
онкология бўйича ҳар бир эрта аниқланган ҳолат учун тиббиёт бригадаларига
2 миллион сўмдан мукофот бериш жорий қилинди. Натижада оилавий шифокорлар ўз маҳалласидаги
51 нафар аёл ва болаларда шундай белгиларни аниқлади. Бунинг учун
102 миллион сўм мукофот пули берилиб, кеч босқичда сарфланадиган
8 миллиард сўм маблағ тежалган.
Таҳлилларга кўра, жами онкологик касалликларнинг ўртача
20-25 фоизи аёллардаги кўкрак бези ва бачадон саратонига тўғри келади. Шу боис бу борада скринингларни кенгайтириш ва уларнинг
реестрини юритиш режалаштирилмоқда.
Яна бир таклифга кўра, донорларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади. Жумладан,
“Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони олганларга бир йўла бериладиган пул мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорини
5 бараваридан 15 бараваригача оширилади. Уларга
жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади, давлат сиҳатгоҳларида даволаниш навбатсиз бўлади.
Ушбу янги тизим келгуси йил
1 январдан жорий қилиниши белгиланди.
Telegram |
YouTube