Қошғарийга қайтиб
ҚУЛТЕГИННИНГ БОЛДИЗИ ЁХУД
БУРХОНЛАРУ ТАРХОНЛАР, ЧИҚОНЛАР ВА ТЎҒРУЛБЕК
Ўзликни таниш, аввало ўз тилини, унинг тарихини билишдан бошланса ажаб эмас. Бугун муомала тилимизда хорижий сўзлар тобора кўпайиб боряпти. Шўро даврида тил руслашган бўлса, энди инглизлашяпти. Бу жуда хавфли ҳолат. Ўзи шундоқ ҳам тилимиз форсий ва арабий сўзларга тўла, шунинг учун ҳам айрим китобхонлар устоз Нурали Қобулнинг тарихий романларидаги айрим сўзларни тушунишга қийналишади. Ҳолбуки, адиб соф турк тилида ёзишга ҳаракат қилади. Бундан мақсад битта – китобхон асл сўзларни ўргансин ва кундалик муомалада қўлласин. Тилни тозалаш жараёни шундан бошланади.
Аллома Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк” асарини варақлаб кўрсангиз, бугун истеъмолда бўлган кўплаб сўзларнинг асл туркчасини топасиз. Масалан, бизга гўёки рус тилидан кириб келган “фартук” сўзининг асли Қошғарийда “парту” шаклида берилиб, “яхтак, юпқа устки тўн, партуқ” деб изоҳланган.
Туркман қардошларимиз ёш болаларни “кўрпалар” дейишига доим ҳайрон бўлардим. Аслида кўрпа – беданинг бир қарич ва ундан баландроқ бўлган вақти экан. Биз тарафларда “кўрпа ўт” ибораси ҳозир ҳам бор. Қолаверса, ҳар қандай экиннинг иккинчи ҳосили “кўрпаламоқ” дейилган. Иккинчи ҳосил аксар ёзга тўғри келгани боис шу фаслда туғилган болаларни ҳам “кўрпа ўғил, кўрпа қиз” дейилган. Демак, туркманлар асл туркчага биздан кўра яқинроқ боришган экан.
Тилимизда “мараз” сўзи кўпинча салбий маънода ишлатилади, ҳолбуки унинг асли “қоронғи кеча”, иккинчи маъноси эса “музд, яъни иш ҳақи” экан. Қадимда қабр, гўр сўзлари ўрнига “тублу” сўзи ишлатилган. Бу “тубли”дан олинган бўлса керак. Қабр худди туби бор, чуқур ўрага ўхшагани учун шундай дейилган бўлса ажаб эмас.
Адашмасам, Хоразм томонларда “чиқон” сўзи “дугона” маъносида ишлатилади, агар янглишаётган бўлсам, хоразмлик дўстларим мени маъзур кўрсинлар. Қошғарийнинг ёзишича, қадимда холанинг ўғли, яъни, жиянга “чиқон” дейилган экан.
Гуноҳкорлар барча замонларда топилган ва аксар ҳолларда жазоланган. Қошғарий замонида ҳам ўғрилар бўлган экан, улар кўпинча дорга осилган. Ўғрилар осиладиган дор арқони “бўқағу” дейилган. Яъни, бўғадиган арқон. “Кирпич” сўзини руслардан ўтган деб ўйлаб, уни “ғишт” деб таржима қиламиз. Аслида унинг асл шакли “кэрпiч”, айрим ўринларда “карпич, қарвич” шакллари ҳам учрайди. Демак, бу сўзнинг рус тилига умуман алоқаси йўқ, қолаверса, Қошғарий даврида руслар яхлит миллат ва халқ сифатида ҳали шаклланмаган ҳам эди.
“Бурхон” атамасини кўпинча араб тилидан кирган деб тусмол қилардик, аслида у соф туркча бўлиб, “бут, ҳайкал” маъносини беради. “Тархон” ҳам туркча сўз, маъноси “бек” дегани. Бу икки сўз исломиятдан олдин ҳам имтеъмолда бўлган.
Тарихий ва илмий асарларда “тегин” атамасига кўп бора дуч келганмиз. Аслзода, зодагон кишиларга нисбатан ишлатиладиган бу сўзнинг туб маъноси “қул” дегани. Қошғарийнинг ёзишича, маънонинг юз саксон даража ўзгаришига Афросиёб авлодлари сабаб бўлишган. Ўғиллар оталари Афросиёбга бирон сабаб билан мактуб битишганида “буни қулингиз (тегинингиз) Фалончи ёзди” деб тугатишган. Оталарига эҳтиром рамзи ўлароқ “тегин” сўзини ўзларига шарафли норасмий унвон санашгани боис, аста-секин ҳукмрон табақа вакилларининг барини шундай аташ урфга кириб қолган. “Алптегин” сўзи “баҳодир, паҳлавон қул” маъносини беради. Дарвоқе, “қотун”(хотун) сўзининг қисмати ҳам қарийб шундай кечган: у даставвал Афросиёб қизларига нисбатан ишлатилиб, тахминнан “жория, чўри” маъноларини берган. Қизлар оталарининг ҳурмати учун ўзларини “қотун” деб аташган ва бора-бора бу сўз ҳам оқсуяклар авлодидан бўлган ҳукмдор аёлларга тақаб қўйилган.