АЁЛ МАКТУБИ
Қўлларим гуллаган эди, баҳорим,
Қара, гуллаб турган қўлларим хазон.
Бўйнингга осилиб гуллаган эди,
Бағрингда ёзилиб гуллаган эди,
Кетдинг, икки қўлим сарғайди бежон.
Айтсам, чидолмайсан қалбим дардига!
Қўлларим ҳолидан сўзлайин фақат:
Кирларингни ювиб гуллаган эди,
Дардларингни қувиб гуллаган эди —
Бугун ҳаволарда қотди муаллақ.
Қўлларим... қўлларим соғинди... Ёмон!
Сен қайдан биларсан қўллар соғинчин!
Улар беҳаракат қотишар бирдан,
Улар титранишар безовта, пурғам —
Бармоқлар оҳ уриб, йўқотар тинчин.
Уззу кун икки ғам менинг ҳамроҳим,
Уззу кун ёнимда иккита бева —
Шомгача ғамларин ишга айтишар,
Тонггача соғинчин тушга айтишар —
Икки Лайлишева — икки шўршева.
Келиб қўлларимдан хабар олгин, оҳ,
Йўлларингни пойлаб кўзим йиғлайди,
Хатларга битганим — сўзим йиғлади —
Аммо биз учрашсак қўлларни кечир,
Улар йиғламоқни билмайди асло...
Усмон Азим
https://t.center/usmon_azim