Uzbekistan Airways: бортда шилқимлик ва енгил жазо.
2024 йил 31 декабрь куни Сочи—Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга учиб келаётган 39 ёшли эркак самолёт бортида маст ҳолатда Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 23 ёшли ходими, борт кузатувчиси бўлган қиз танасининг ёнбошини бир неча маротаба ушлаб, унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган.
Суд 39 ёшли эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш) содир этганликда айбли деб топди ва 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини
тайинлади.
Авиакомпания шилқимлик ҳолатини тасдиқлади ва йўловчиларга бортда ўзини тутиш қоидаларига риоя қилиш зарурлигини эслатди. Бироқ, у қоидабузар учун парвозларни тақиқлаш каби қўшимча чоралар кўрилдими ёки йўқ - маълум қилмади. Бу эса ташувчининг ўз ходимлари ва бошқа йўловчиларни бундай ҳодисалардан ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида саволлар туғдиради.
Халқаро амалиёт: ҳуқуқбузарларга қарши қатъий чоралар.
Халқаро авиацияда бундай ҳодисалар қоидабузарлар учун жиддийроқ оқибатларга олиб келади. Масалан, Британиянинг Jet2 авиакомпанияси бортда ўзини қўпол тутган йўловчига парвозни умрбод тақиқлади. Ушбу қарор ташувчининг бортда зўравонликка мутлақо тоқат қилмаслик орқали ўз ходимлари ва йўловчиларини ҳимоя қилишга содиқлигини кўрсатади.
АҚШда Федерал авиация маъмурияти бундай ҳолатларда маъмурий ва жиноий чоралар қўллайди. Қоидабузарлар 37 000 долларгача миқдорда жарима, шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундай ёндашув нафақат жазолаш воситаси, балки хатти-ҳаракатлари бортдаги хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган бошқа йўловчилар учун огоҳлантириш сифатида ҳам хизмат қилади.
Умид қиламизки, Uzbekistan Airways ўз ходимлари ва йўловчиларини бундай ҳодисалардан ҳимоя қилиш учун қўшимча чоралар кўради. Бундай қоидабузарликларга йўл қўйган йўловчиларни учишни тақиқлаш каби санкцияларни жорий этиш нафақат компанияга ишончни кучайтириши, балки аёлларга нисбатан зўравонликка мутлақо тоқат қилмаслигини ҳам намойиш қилиши мумкин. Ўз ходимларини ҳимоя қилиш ва бортда хавфсизликни таъминлаш авиакомпания учун мутлақ устувор вазифа бўлиши керак.
#СукутСақлама #қонунлар