View in Telegram
ХИТОБ Лаб титрамай, киприк қоқмай, нигоҳ узмай, Ухламасдан, туш кўрмасдан, таъбир тизмай, Асрлардан асрларга томмай, сизмай, Садо бермай, қимир этмай, қадам узмай, Юракларнинг фарёдини билмай, сезмай, Буровдаги қўрғошин руҳ олам кезмай, Ўт куйдирган қанотларни қайта ёзмай, Жим туришда ким ютаркин – шартни бузмай, Турганлардан бир бор ростин сўрарим бор, Кўрганларин кўнглим билан кўрарим бор. Асрларнинг гарди бор бу тегирмондан, Жонни янчиб, шон чиқарган ломакондан, Дил ташласа алам чиққан у томондан, Армон солиб қувонч кутган гўл инсондан, Дўл* оғзидан сачраб қочган битта дондан, Чумолини алдаб юрган Сулаймондан, Навбати ҳеч келмаётган шул деҳқондан, Сукунатдан кар бўп қолган оломондан, Имо қилиб, нидо қилиб сўрарим бор, Пойларига тиз чўкиб зор борарим бор. Кўнглимга тун чўкканда шам ёқолганлар, Парвонанинг доғига жим боқолганлар, Бир оҳига чоҳдан банди чиқолганлар, Қамишларни шамол чалса, йиғлолганлар, Ўзи ёниб, ўзи ўчиб чидолганлар, Ҳур қиз кетиб пайғамбарни туғолганлар, Оппоқ тонгни кўзларида соғолганлар, Ёноғимга, деразамга ёғолганлар, Билмаганим билдиринг-эй, сўрарим бор Кўнглим кўрмоқ истаганни кўрарим бор. Қай асрда оқ суягим топса кулол, Токчасига олиб қўйса, қилмай увол, Бир бағриқон қўлга олса, келмай малол, Ғуборимни, ҳасратимни артиб рўмол, Кўҳна най деб чалар бўлса, вайрону лол: Мени ёқиб ўчирмасдан кетган шамол, Ё офтобнинг назаридан топган камол, Ё ёмғирнинг пардасидан бериб жамол, Ё эснаган юракларда ўлган савол – – Тилларига шеърдай такрор келарим бор, Банди руҳга таскин бериб турарим бор. Манзилим – йўл, йўлим – ҳижрон, борарим бор, Айтарим бор, тиларим бор, сўрарим бор. ~~~ *Дўл – тегирмоннинг дон солинадиган бўғзи. Шодмонқул САЛОМ @Shodmonqul_SALOM
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily