ИЗ
Кўкдан ҳали яна қорлар
Ёғишини билмайсанми.
Тафтим билан эриб сувдай,
Оқишини билмайсанми.
Юрагимда из қолдирдинг,
Ёлғизоёқ йўлакдайман.
Бу йўлакдан фақат сен кел,
Фақат ўзинг керак дейман.
Ойна каби музлар, майли,
Синсин қишнинг қиличидан.
Фақат ўзинг эҳтиёт бўл,
Бу кўнгилнинг синишидан.
Зулмат кетса, ҳаётимда
Кундуз бўлсанг, ёруғ бўлсанг.
Дардим сувда оқиб кетар,
Оғриқлардан фориғ бўлсанг.
Шу омонат қорларни ҳам
Эритгувчи қуёшим бор.
Этигингдан сув ўтганда
Товонингда кўз ёшим бор...
Шоди ОТАМУРОД
23.12.2024