* * *
Турасиз, пальтони киясиз енгил.
Сизни қучоқлайди гулчамбар,
Эй ғариб, эй гадо, девона сингил,
Эй шамшод, эй сарв, эй мушки анбар.
Лабингиз япроқдек дилдироқ, титроқ,
Эй довул, селларда келган дарахтим.
Тиригимда ўзимнинг бахтсизлигим, эй,
Ўлсам, мендан кейин қоладиган бахтим.
Кўзингиз яшринай деса – паноҳ йўқ,
Севги либосини кийган таҳлика.
Эй кулгичи менинг қайғумга тобут,
Эй бели ингичка малика.
Юрса – этигидан из қолмайдиган,
Кетмакка шайланган эй гули раъно,
Қўлингиздан тутиб қололмас кўзгу,
Сизни чорлаётир олтинчи маъво.
Сочини дуррага бостирган бераҳм,
Кўзгуга ёнлама қараган улфат.
Қўлларим тарбия кўрмаган, бешарм,
Китоб, дафтар, қалам – бир хона кулфат.
Менгамас... эшикка ярим суяниб,
«Сизни ҳечам яхши кўрмайман» деган,
Ингичка кўрсатгич бармоғи ила
Пучуқ деб бурнимнинг учига теккан.
Эй кўнгли ўксиган. Ўксикларида
Фаришта, ажина тирилган эртак.
Эй ўнта бармоғи ўнта атиргул,
Эй ҳар бир бўғини биттадан куртак.
Ўзгага аталган шеърларни ўқиб,
Мен учун жонини жабборга тиккан.
Ўзи очунларда ягона, бироқ
Менингдек бедаво, куюкни севган.
Кифтимга бошини гул мисол қўйиб,
Муҳаббат сўраган телба тиланчи,
Дунёни кийимсиз кўрмак истаган,
Эй учтами-тўртта расида, ғунча.
Кетса – қадамининг товушларини
Менга бир умрга қолдирган ғамхўр.
Севмаса – йўлидан адашадиган,
Севса – йўл-кўчасин кўрмайдиган кўр.
Тонгда Художонга ибодат қилиб,
Тунларда ўзини итга ташлаган.
Чегарадан уёқ-буёққа ўтиб,
Ҳар куни ғазовот, ғавғо бошлаган.
Қуёш ҳам холининг ярмин илғаса,
Ярмин илғаёлмас қари дўкондор.
Дўконда ҳамён бор. Ҳамёнда эса
Тирик бостирилган икки исён бор.
Боққа оқар сувдек кириб келганда
Ҳайратдан дарахтлар қарсиллаб синар.
Осмон томоғига тоғлар тиқилгай,
Шошиб қиличларни ютади қинлар.
Сиёҳ қоши билан йўлимни тўсган,
Эй кўзлари рўё, киприги гўё,
Соямга тўр солган сайёд сояси –
Чиройли, мукаммал, азалий дунё.
Йигирма тўрт йилда кириб ҳосилга,
Ўзини қисматга топширган фасл.
Эй шамшод, эй сарв, эй мушки анбар,
Эй ғариб, эй гадо, эй телба сингил.
Салим Ашур