“Ташаббусли бюджет” асосида “Хуррамобод” маҳалла фуқаролар йиғинида 315 дона темир-бетон таянчлари ўрнатилиб, 5 минг метр ҳаво тармоғи тортилмоқда
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ажратилаётган маблағлар ҳудудларда яшовчи аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган энг долзарб муаммоларига ечим бўлмоқда.
Риштон туманида ҳам мазкур лойиҳада ўз ташаббуслари билан фаол қатнашган маҳаллалардаги йўл, ичимлик суви, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда.
"Хуррамобод" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам мазкур лойиҳада фаол иштирок этиб, ўз ташаббусларининг ғолиблар қаторидан ўрин олишига эришди. Мазкур ҳудудда электр таъминотини яхшилаш билан боғлиқ муаммога ташаббусли бюджет жараёни ечим бўлди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йил 2-мавсумида маҳалла ҳудудида электр таъминотини яхшилаш юзасидан билдирилган таклиф ғолиб деб топилди. Ушбу ташаббусини амалга ошириш учун қарийб 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилди.
Лойиҳа доирасида маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 315 дона янги темир-бетон таянчлари ўрнатилиб, 5 минг метр ҳаво тармоғи тортилади. Шунингдек, ҳудудга учта янги трансформатор пункти ўрнатилади.